Шўртан газ кимё мажмуаси ходими "Ахборот-кутубхона аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди
Жорий йилнинг 15-17 май кунлари Самарқанд ва Жиззах шаҳарларида "Central asia: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари" XVII Халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Ушбу халқаро конференция доирасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга, аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг янги тизимини яратишга, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, жамиятда мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган ва мазкур йўналишда юқори натижаларга эришган бир гуруҳ юртдошларимиз тақдирланадилар.
Қувонарли томони шундаки, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг Мурожаатлар билан ишлаш ва ижро назорати хизмати бошлиғи Хонкулов Улуғбек Холбоевич ўз ташаббуси билан хусусий кутубхона ташкил этиб, аҳоли орасида китобхонликни оммалаштиришда қўшаётган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан "Ахборот-кутубхона аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ушбу ютуқ билан мажмуа маъмурияти ва кўп минг сонли ишчи-ходимлар номидан Улуғбек Холбоевични табриклаймиз ва келгуси фаолиятларида улкан зафарлар тилаб қоламиз!