"Шўртан ГКМ" МЧЖда 9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб, юртимиз тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган аждодлар хотирасини ёд этиш, кекса авлодга ғамхўрлик қилиш мақсадида, узоқ йиллар мобайнида мажмуада меҳнат фаолиятини олиб борган ва бугунги кунда нафақада бўлган бир гуруҳ фахрийлар иштирокида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Дастлаб, фахрийлар Шўртан газ кимё мажмуасининг тарихи ва бугуни акс этган мажмуа музейида бўлишди.
Янгича ва замонавий қиёфа касб этган ва янги экспонатлар билан бойитилган музей фахрийларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг, мажмуа фаоллар залида мажмуа ишчи-ходимлари ва фахрийлар иштирокида мажмуада меҳнат фаолиятини олиб борган, лекин бугунги кунда орамизда йўқ марҳум ишчилар хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда марҳум ходимлар хотирасига бағишланган видеоролик намойиш этилди, улар билан боғлиқ хотиралар ёдга олинди.
Тадбир давомида фахрийларимиз томонидан халқимизнинг тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битилган уруш ва меҳнат фахрийларининг жасорати, мардлик ва матонати, олижаноблиги, меҳр-муруввати ва юксак маънавияти, чеккан заҳматли меҳнатлари олдида таъзим қилиш, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналар қилиш, мустақилликдек азиз неъматнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, фахрийлар учун байрам дастурхони ёзилиб, урушда ҳалок бўлганлар, шунингдек мажмуада хизмат қилиб ўтганларнинг руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Мамлакатимиз, хусусан мажмуа ривожи йўлида хизмат қилаётган барча ходимлар ҳаққига дуолар қилинди.