Атроф-муҳит муҳофазаси хизмати ходимлари Ўзбекистон Миллий Университети олимлари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боришмоқда
Шўртан газ кимё мажмуасида мутахассисларнинг илмий тадқиқот ишларини олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган бўлиб ундан унумли фойдаланиб келаётган ишчи-ходимлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Атроф-муҳит муҳофазаси хизмати ходимлари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети олимлари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боришмоқда.
Ҳамкорликда саноат чиқиндиларини қайта ишлаш усулларини топиш, металл конструкцияларининг ишлаш вақтини узайтириш яъни биокорозиянинг олдини олувчи ҳамда оқова сувлар таркибидаги микроорганизмларни зарарсизлатиришда ишлатиладиган янги органик моддалар синтез қилиш бўйича бир қатор ютуқларга эришмоқдалар.
Университет олимлари билан ҳамкорликда Атроф-муҳит муҳофазаси хизмати етакчи муҳандиси Холиёров Шавкат Бакировичнинг "Оқова сувларни тозалаш цехи қурилмаси сепараторида йиғилган чиқинди таркибини ўрганиш ва қайта ишлаш" ҳамда Экоаналитик лабораторияси бошлиғи Усманов Чориёр Эшмуминовичнинг "Ишлатилган диэтаноламини тозалаш ва унинг асосида синтезлар" мавзусидаги олиб бораётган илмий тадқиқот ишлари халқаро ва маҳаллий илмий журналларда мақолалар чоп этилмоқда.
Атроф-муҳит муҳофазаси хизмати етакчи муҳандиси Ш.Холиёровнинг "Оқова сувларни тозалаш цехи қурилмаси сепараторида йиғилган чиқинди таркибини ўрганиш ва қайта ишлаш" мавзусидаги илмий иши орқали қурилмада йиғилган чиқинди таркибини чуқур таҳлил қилиб уни қайта ишлашни йўлга қўйиш ва бу орқали мазкур саноат чиқиндисининг атроф-муҳитга салбий таъсирини олдини олишга қаратилган. Бу эса ўз навбатида чиқиндиларни жойлаштирганлик учун тўланадиган тўловлар миқдорини кескин камайтиришга хизмат қилиш билан бир қаторда, қурилманинг узоқ вақт хизмат қилишини таъминлайди. Бундан ташқари нефт ва газни қайта ишлаш корхоналарида ҳосил бўладиган шу каби чиқиндиларни қайта ишлаш имконияти яратилади.
Экоаналитик лабораторияси бошлиғи Ч.Усмановнинг "Ишлатилган диэтаноламини тозалаш ва унинг асосида синтезлар" мавзусидаги илмий иши орқали эса газни чуқур қайта ишлашда ҳосил бўладиган диэтаноламин чиқиндисини қайта ишлаш (тозалаш)ни йўлга қўйиб, ундан қайта фойдаланиш мақсадида амалга оиширилмоқда. Бунда мазкур тозаланган диэтаноламинни қайта ишлатиш ёки машъала (факель)га ёқилаётган зарарли газларни ушлаб қолишдан иборат. Бу орқали диэтаноламин ишлатиладиган барча газни қайта ишлаш корхоналаридаги мавжуд муаммоларни ечиш назарда тутилган.
Шунингдек, олиб борилаётган илмий изланиш ва ижобий натижаларга эришилган тадқиқот ишларини саноат корхоналарига қўллаш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини янада оширилишига эришилади.
Маълумот учун, олиб борилган илмий изланишлар ҳақида мақолалар Австриянинг нуфузли “Техник ва табиий фанлар” халқаро илмий журналида чоп эттирилди.