March 14

Нефт-газ соҳасида таълим ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги: Шўртан газ кимё мажмуасида илмий амалиёт

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 7-июлдаги ПҚ-309-сонли "Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Марказий лабораториясида Бухоро давлат техника университети профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари учун илмий малака ошириш амалиёти ташкил этилди.

Ушбу дастур доирасида университетнинг "Нефт ва газни қайта ишлаш технологияси" кафедраси профессор-ўқитувчилари ва докторант ходимлари 2025 йил 11-20 март кунлари Шўртан газ кимё мажмуасида бўлиб, завод марказий лабораторияси томонидан табиий газни қайта ишлаш ва полиэтилен грануласи ишлаб чиқариш жараёнларида бажариладиган аналитик назорат ишлари билан танишди.

Амалиёт ва малака ошириш дастури давомида илмий ходимлар табиий газни қайта ишлаш жараёнида уни нордон газлар (водород сульфид ва карбон диоксид)дан диэтаноламин (ДЭА) эритмаси ёрдамида тозалаш ҳамда нордон газлар билан тўйинган ДЭА эритмасини регенерация жараёнида назорат қилинадиган кўрсаткичларни ўрганиш имконига эга бўлишди. Улар эритма таркибидаги водород сульфид ва карбон диоксид, шунингдек, регенерация қилинган ДЭА эритмасидаги қолдиқ водород сульфид ва карбон диоксид миқдорини замонавий аналитик таҳлил усуллари орқали аниқлаш ҳамда янги авлод асбоб-ускуналарининг ишлаш жараёнларини кузатиш имкониятига эга бўлдилар.

Табиий газни қайта ишлаш жараёнида уларни фракцияларга ажратиш ва ажратилган фракцияларнинг тозалиги даражасини назорат қилиш бугунги кунда дунё бўйича энг оптимал ва етакчи усул сифатида физик-кимёвий таҳлилнинг газ хроматографияси усули ҳисобланади. Ушбу таҳлил усули орқали табиий газни қайта ишлашда кўплаб муаммоларга ечим топилади. Илмий ходимлар амалиёт давомида Шўртан газ кимё мажмуаси марказий лабораториясида бажариладиган газ хроматографияси таҳлиллари, жумладан, табиий газнинг компонент таркиби, магистрал қувурларга узатиладиган ёнувчи табиий газ, пропан-бутан аралашмаси, полиэтилен ишлаб чиқаришга мўлжалланган юқори тозаликка эга этилен ҳамда сомономер сифатида ишлатиладиган бутен-1 ларнинг сифатини назорат қилиш жараёнлари билан танишиб, кузатувлар олиб борди.

Мажмуада турли мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган полиэтилен грануласининг бозор талабларидан келиб чиқиб 20 дан ортиқ маркалари ишлаб чиқарилади. Ишлатилиш соҳасига қараб полиэтилен гранулалари ўзига хос бўлган бир неча синовлардан ўтказилади. Жумладан, полимернинг сифатини белгиловчи физик, реологик ва механик мустаҳкамлик каби кўрсаткичларни автоматик денсиметр, экструзион пластометр, механик синов машинаси каби энг замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида аниқлаш жараёнларини кузатиш илмий ходимларга қимматли маълумотларни олиш имконини берди.

Амалиёт якунида олий таълим муассасалари вакиллари докторлик диссертациялари учун қимматли экспериментал маълумотлар тўплаганликларини таъкидладилар.

Таъкидлаш жоизки, Шўртан газ кимё мажмуаси лабораторияси республикамиздаги энг илғор синов лабораторияларидан бири ҳисобланади. Бу ерда замонавий ускуналар базаси, юқори аниқликдаги тадқиқот усуллари ҳамда тажрибали мутахассислар билан ишлаш имконияти мавжуд.

Бундай илмий ҳамкорлик натижасида олий таълим муассасалари вакиллари ишлаб чиқариш тажрибасига эга бўлиш билан бирга, илмий изланишларининг амалий самарадорлигини ошириш имкониятига эга бўлмоқда.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|