Шўртан газ кимё мажмуасида "Ассалом Наврўз - янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!" деб номланган Наврўз сайли бўлиб ўтди
Шўртан газ кимё мажмуасида Наврўз тадбирлари бу йил, ҳар йилгидан-да, ўзгача бўлди. Сайл кўринишида кун давомида бўлиб ўтган турли маданий-маърифий чиқишлар ва спорт мусобақалари ишчи-ходимларга ростманасига маданий хордиқ чиқариш имконини яратди.
Маъмурият ва мажмуа Касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган байрам дастури унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Мажмуада ташкил этилган Наврўз байрами эрта саҳардан Сумалак сайли тадбири билан бошланиб, "Алпомиш ва Барчиной" издошлари спорт беллашувлари доирасидаги "Наврўз кубоги-2022" мини-футбол мусобақасининг финал баҳслари билан давом этди.
Қизғин баҳсларга ва голларга бой бўлган беллашув финалида Ташқи сув таъминоти цехи жамоаси 1-ўринни, Электр таъминоти цехи жамоаси
2-ўринни, "ШГКМ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаси" жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, тадбир давомида волейбол, қарабтеп, арқон тортиш, армрестлинг, елка жанги, миллий кураш каби бир қатор миллий ва халқаро спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Ишчи-ходимларга бегона бўлмаган ушбу спорт беллашувлари ходимлар ўртасида профессионалларга хос кўринишда бўлиб ўтди ва муросасиз кечган мусобақалар натижалари қуйидагича кўриниш олди:
Волейбол бўйича
1-ўрин Ички сув таъминоти цехи
2-ўрин Автотранспорт билан таъминлаш хизмати
3-ўрин Полиэтилен ишлаб чиқариш цехи.
"Қараптеп" миллий спорт тури бўйича бўлиб ўтган баҳсларда мутлоқ ғолиблик "Геолог" маданий спорт соғломлаштириш маркази ходими Нурбек Сайфиевга насиб этди.
Арқон тортиш мусобақаларида "ШГКМ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаси" жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Армрестлинг мусобақасида Тайёр маҳсулот ва хомашё цехи ходими Намозов Шерзод, елка жанги мусобақасида эса "ШГКМ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаси" мутахассиси Чоршанбиев Ориф ғолиб деб топилди.
Спорт турлари ичида миллий курашимизга қизиқмаган воҳалик бўлмаса керак!
Миллий кураш бўйича бўлиб ўтган беллашувлар спорт беллашувлари орасида энг жозибадори бўлди ва томошабинларга юқори кайфият улашди. Айниқса, бўлиб ўтган кураш мусобақасига баковул сифатида мажмуанинг Электр таъминоти цехи фахрий ходими, нефт ва газ ташкилотлари орасида бўлиб ўтган кураш мусобақаларининг ўз вазн тоифасидаги чемпиони Ғайрат Мейлиев таклиф этилганлиги, беллашувни кузатишга келган томошабинларни янада руҳлантирди ва узоқ давом этган курашлар натижасида қуйидаги полвонлар юқори шоҳсупаларни банд қилишди:
1-ўрин "Лочин" болалар дам олиш оромгоҳи ходими Муҳаммад Мусурмоновга, 2-ўрин "Геолог" маданий спорт соғломлаштириш маркази ходими Фаррух Жияновга насиб этган бўлса, 3-ўринни Электр таъминоти цехи ходими Зариф Ниёзов эгаллади.
Шунингдек, тадбир доирасида, мажмуа хотин-қизлари ўртасида "Қизлар давраси" фольклор жамоаларининг 3 та шартни ўзида жамлаган беллашуви ҳам бўлиб ўтди.
Барча беллашув шартлари ҳакамлар томонидан мунтазам баҳолаб борилиб, якунда совриндорлар аниқланди ва унга кўра 79 балл тўплаган ҳолда Маиший хўжалик хизмати 1-ўринни, 78 балл тўплаган Цех поликлиникаси 2-ўринни, 77 балл билан Уй-жойдан фойдаланиш хизмати 3-ўринни, 70 балл тўплаган "Эркатой" мактабгача таълим муассасаси эса 4-ўринни эгаллади.
Қолаверса, тадбир доирасида ҳунармандлар кўргазмалари, дорбозлар чиқишлари ҳам ташкил этилиб, сайлнинг росмана байрамона руҳда, унутилмас хотиралар билан ўтишига хизмат қилди.
Тадбир якунида юқорида номлари келтирилган ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.