“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ўринбосари Шўртан газ кимё мажмуасида қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари О.Темиров бошчилигидаги "Ишчи гуруҳ" қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳолати билан танишиш мақсадида 2023 йил 9 декабрь куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда бўлди.
Дастлаб, мажмуа технологик қурилмаларида 2023 йил давомида кузатилган фавқулодда тўхталишларнинг таҳлили, тўхталишлар қайта такрорланмаслиги бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг бажарилиш ҳолати муҳокама қилинди.
Ҳар бир ҳолат бўйича "Ишчи гуруҳ" мутахассислари томонидан жойига чиққан ҳолда қурилмалардаги тўхталишларнинг туб сабаблари ўрганилди ва танқидий кўриб чиқилди.
Бошқарув раиси ўринбосари томонидан 2023 йил январь ойида юз берган аномал совуқ вақтидаги технологик қурилмаларда дуч келинган муаммолар ва уларни ечимлари муҳокама қилинди. Бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида 2023-2024 йиллар қишки об-ҳавонинг ғайритабиий шароитларида мажмуада объектлар ва қурилмаларнинг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган 44 та банддан иборат чора-тадбирлар режасининг бажарилган 23 та банди ижроси назоратдан ўтказилди. Чора-тадбирлар бўйича бажарилаётган қолган 21 та бандларни тез муддатларда тўлиқ бажарилиши юзасидан мажмуа раҳбарияти ва масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, мажмуада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш, янги иш ўринларини яратиш, эҳтиёт қисмларнинг маҳаллийлаштирилиш даражасини ошириш борасидаги олиб борилаётган ишлар ва бу йўналишдаги муаммолар муҳокама қилиниб, келгусидаги мақсад ва режалар белгилаб олинди.
Бундан ташқари, мажмуада табиий ва техноген тусдаги юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш борасида тезкор қутқарув хизматларининг фавқулодда вазиятларга тайёрлик даражаси кўздан кечирилди.
Ихтисослашган хизмат ходимлари ва мажмуа ишчи-хизматчилардан иборат кўнгилли қутқарув гуруҳларининг содир бўлган шартли табиий ва техноген вазиятни бартараф этиш учун жалб қилинадиган куч-воситаларни тўғри йўналтириш, жабрланганларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари синовдан ўтказилди.