Шўртан газ кимё мажмуасида хотин-қизлар ўртасида "Заковат" интеллектуал беллашуви ўтказилди
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ишчи-ходимларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш ва ўз иқтидорларини ҳар томонлама намоён этишига имконият яратиш мақсадида турли хил интеллектуал ўйинлар мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири сифатида жорий йилнинг 25 март куни корхонада хотин-қизлар ўртасида "Заковат" интеллектуал беллашуви ўтказилди.
ШГКМ Хотин-қизлар ва гендер масалалари бўлими ташаббуси билан ташкил этилган ушбу беллашувда корхона таркибидаги турли цех, хизмат, тармоқ ва бўлимлардан жами 17 та жамоа иштирок этди.
Мусобақа қизиқарли ва мунозараларга бой тарзда ўтди. Иштирокчилар берилган саволларга жавоб излаш жараёнида ўз билим ва заковатларини синовдан ўтказиб, жамоавий ишлаш қобилиятларини намоён этдилар. Беллашув икки раунддан иборат бўлиб, ҳар бир раундда 10 тадан савол тақдим этилди.
Раундлар орасида мажмуанинг бир гуруҳ ижодкор қизлари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. Бу чиқишлар мусобақага янада шукуҳ бағишлаб, иштирокчилар ва томошабинларга кўтаринки кайфият улашди.
Беллашув натижаларига кўра, "Avrora" жамоаси учинчи ўринни эгаллади, "Smart lady" жамоаси иккинчи ўринга сазовор бўлди, "Yangi yulduzlar" жамоаси эса биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақа ғолиби бўлди.
Беллашувда ғолиб ва совриндор жамоалар алоҳида эътироф этилиб, улар мажмуада ўтказилиши режалаштирилган "Наврўз" умумхалқ байрам сайлида тантанали равишда тақдирланадиган бўлдилар.
Бу каби тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши хотин-қизларнинг билим ва ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.