April 13, 2022

ИҚТИСОДИЙ САМАРАДОРЛИККА ҚАРАТИЛГАН ИШЛАР НАТИЖАСИ

Ҳар қандай жамиятда ҳам ижтимоий самарадорликни ошириш, иқтисодий тараққиётнинг асосини яратади. Шу сабабли иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида ижтимоий ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш жиддий масалалардан бири ҳисобланади. Мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, меҳнат унумдорлиги, самарадорлигини ошириш воситаларига етарли даражада эътибор бериш талаб қилинади. Ҳозирги замон талабидан келиб чиқиб, ҳар бир корхона ва ташкилот иқтисодий барқарорлигини таъминлаш мақсадида ўз олдига қўйган режа ва таклифларни ўйлаб кўриши ва шу асносида корхонани барқарор ишлатиш асосий вазифа қилиб белгилаб олинади. Шундан келиб чиққан ҳолда иқтисодий самарадорлик тушунчаси биз фаолият кўрсатаётган жамиятга ўзининг сифат даражаси юқорилиги билан кириб келди.

Иқтисодий самарадорлик деганда бир йил давомида амалга оширилган тадбирлар тизими билан боғлиқ бўлган харажатларни улар натижасида олинган соф фойда билан таққослаш тушунилади. Сарфланган харажатлар эвазига олинган соф фойда қанча кўп бўлса, иқтисодий самарадорлик даражаси ҳам ошган ҳисобланади.

«Ўзбекнефтегаз» АЖнинг 2020 йил 16 октабрдаги 72-сонли «Ишлаб чиқариш жараёнларининг операцион самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган ташаббуслар ижросини таъминлаш» тўғрисидаги буйруғи ва «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖнинг 2020 йил 17 ноябрдаги 060/398-ич сонли «Ишлаб чиқариш жараёнларининг операцион самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш лойиҳаси доирасида Пилот дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги буйруғининг ижросини таъминлаш мақсадида «Шўртан ГКМ» МЧЖда "Ernst & Young Advisory" (Буюк Британия) компанияси тавсияси асосида мажмуа мутахассислари ва "Ernst & Young Advisory" компанияси маслаҳатчилари томонидан 11 та банддан иборат чора-тадбирлар шакллантирилди. Ушбу чора-тадбирларда келтирилган бандларнинг ижроси ҳозирги кунга келиб Ишончлиликни бошқариш хизмати мутахассислари назорати остида мажмуа ходимлари томонидан бажариб келинмоқда. Мазкур лойиҳа натижалари шуни кўрсатдики, «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ учун 2020-2021 йиллардаги жами иқтисодий самара 62 544 млн. сўмни ташкил қилди, яъни режа 100,3% га бажарилди.

Бундан шуни хулоса қилиш мумкинки, ташкилот фаолиятига халқаро тажрибаларнинг олиб кирилиши мажмуа фаолиятини янги марраларга олиб чиқишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати