August 1, 2022

Олий таълим муассасалари талабалари Шўртан газ кимё мажмуасида ишлаб чиқариш амалиётларини ўташмоқда

Таълим жараёнларининг самарали бўлиши бевосита амалиёт билан боғлиқ. Айниқса у Олий таълим муассасаси бўлса, амалиётнинг ўрни янада ортади. Агарда биз таълим олаётган йўналиш, табиий ва аниқ фанларга ихтисослашган бўлса, амалиётнинг ўрни ҳар қачонгидан ҳам юқори бизнинг наздимизча. Шиддат билан ривожланиб, рақамлашиб бораётган замонамизда техника, технология, кимёвий моддалар ва уларнинг хоссалари борасидаги олиб борилаётган тадқиқот ишларининг амалиётдаги натижалари билан бевосита танишиш ва у жараённинг бир бўлаги сифатида ўзни ҳис этиш, истиқболли кадрларнинг келажакдаги соҳасига бўлган қизиқишларини янада орттириши турган гап!

Мажмуа ва ОТМ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ишлари натижасида ҳозирги кунда 18 тадан ошиқ ўқув муассасалари билан тузилган шартномаларга кўра айни пайтга қадар 479 та талабалар ишлаб чиқариш амалиётини ўташди.

Амалиётлари якунида мажмуанинг бевосита амалиётчиларга бириктирилган вакиллари ва кадрлар сиёсатига дахлдор раҳбарий ходимлар олдида амалиётчиларнинг ўтаган амалиётлари давомида ўзлари бириктирилган цех, хизмат, бўлим фаолиятига бағишланган тақдимотларини ўтказишди.

Тақдимот давомида мажмуанинг профессионал мутахассислари томонидан уларнинг бажарган ишларига билдирилган муносабатлар, тақдимотчиларнинг келгусидаги амалиётдаги фаолиятларига зарурий кўникма ўрнида асқотиши турган гап.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётлари улар учун 4 йиллик ўқишлари давомидаги реал иш режимининг энг олий кўриниши сифатида эсларида қоладиган бўлди.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати