January 19

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ислоҳотларимиз шиддати ва мазмундорлигини оширишга хизмат қилади

Бугун "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Депутат Актам Ҳайитов иштирокида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсад ва вазифалари, ундаги устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши вакиллари ва фаоллари ҳамда мажмуа ишчи-ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Ҳайитов томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг беш устувор йўналиши ва ундаги 100 та муҳим мақсад ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизда кейинги етти йилликда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган ҳужжатдир. Стратегия бешта устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсадни ўз ичига қамраб олган ва бу ўз навбатида мамлакатда ислоҳотлар самарадорлигини кескин ошириш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этишдек буюк мақсадларга хизмат қилади. Стратегиянинг ҳар бир йўналишини таҳлил қиладиган бўлсак, инсон қадрини улуғлаш, халқимизни рози қилиш, муносиб турмуш шароити билан таъминлаш каби улкан мақсад ва марралар кўзланганини кўриш мумкин. Масалан, 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш асосий мақсад қилиб олинмоқда. Бунда келгуси етти йилликда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш ва қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш каби чора-тадбирлар белгиланган. Ҳужжатда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш борасида ҳам қатор вазифалар белгилаб қўйилган. Унга кўра, келгусида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кўрсаткичининг 25 фоиздан юқори бўлиши таъминланади. Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон —2030” стратегияси нафақат мамлакатимизнинг келгуси етти йиллик тараққиётини шу билан бирга, унинг узоқ йиллик ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи муҳим ҳужжатдир. Унда белгиланган мақсадларнинг ижроси ўз вақтида таъминланиши давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ҳамда жадал ривожланишида, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади - дейди ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Ҳайитов

Очиқ мулоқот кўринишида ўтган тадбирда мажмуа ишчи-ходимлари томонидан:

  • Юртимиздаги болалар иштирокидаги ЙТҲларининг олдини олиш мақсадида, келажакда мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари учун махсус автобуслар ҳаракатини йўлга қўйиш;
  • Давлат идораларида хизмат вазифасини ўтаётган ишчи-ходимлар учун банклар, кадастр, солиқ идоралари, алоқа компаниялари ва шу каби хизмат кўрсатувчи ташкилотларга мурожаат қилишда иш вақтларининг номутаносиблиги, ишдан ажралган ҳолда бориб мурожаат қилиш эса иш вақтини йўқотилишига сабаб бўлаётгани ва бу ўз навбатида иш самарадорлигига таъсир этаётганлиги сабабли, мурожаатларни ва хизматларни тўлиқ онлайн шаклга ўтказиш ёки давлат ташкилотларида ишловчи ходимлар учун қонун доирасидан чиқмаган ҳолда шанба ва якшанба кунлари қабул жараёнларини амалга ошириш;
  • Халқ мурожаатлари билан ишлаш жараёнидаги қонун ҳужжатларидаги форс-мажор ҳолатларга, янги лойиҳалар орқали ечимлар топиш каби мурожаат ва таклифлар айтилди.

Шунингдек, тадбирда сўз олган "Шўртан ГКМ" МЧЖ Бош директори, ЎзЛиДеП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Ш.Асланов жорий йилнинг 16 январида Президентимиз раислигида 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар, вилоятимиздаги саноат корхоналари, жумладан Шўртан газ кимё мажмуаси жамоаси олдига қўйилган вазифалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Учрашув якунида мамлакатимиз раҳбари томонидан мамлакат ривожи учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотларни келтириб ўтганлиги ҳамда мамлакат раҳбарияти олдида турган халқ фаровонлигини ошириш борасидаги мақсадлар билан ўртоқлашгани учун ЎзЛиДеп Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Ҳайитовга йиғилиш иштирокчилари томонидан миннатдорчилик билдирилди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|