"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ёшлари “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика танловининг туман босқичида ғолиб бўлишди
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, аждодларимизнинг муносиб ворисларини излаб топиш, мавжуд ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ечимига қаратилган ғоя соҳибларини кашф этиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ҳукумат қарори билан 2022 йил бошидан “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови ташкил этилган эди.
Жорий йилнинг февраль–март ойларида танловнинг 2023 йилги мавсуми туман (шаҳар) босқичи ўтказилиб унда энг юқори натижага эришган ҳар бир туман (шаҳар) дан 5 нафардан номзод вилоят босқичга йўлланма олди.
Қувонарлиси ушбу танловда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ марказий лабораторияси ёш ходимлари Акбарали Расулов (Қамаши тумани), Абдукарим Жалилов (Деҳқонобод тумани), Шукрулло Имомовлар (Шахрисабз тумани) ўзларининг инновацион лойиҳалари билан иштирок этиб, туман босқичида юқори балл тўплаган ҳолда вилоят босқичига йўл олдилар.
Ёшларимизни Шўртан газ кимё мажмуасининг кўп минг сонли меҳнат жамоаси номидан табриклаймиз ва танловнинг навбатдаги босқичларида омад ва зафарлар тилаймиз!
Маълумот учун, танловнинг вилоят босқичи апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилиб, уларнинг ҳар биридан энг юқори натижага эришган 20 нафар ёшлар республика босқичига йўлланма олади;
Республика босқичи эса май ойида бўлиб ўтади ҳамда 100 нафар иштирокчи ёшлар танлов ғолиби деб топилади.
Республика босқичи ғолиблари Жамғарма томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул таҳсил олади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланадилар.
Ўқишни муваффақиятли тамомлаган ёшлар ҳудудлар бўйича ишлаб чиқариш ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларига ихтиёрийлик асосида бириктирилади ҳамда “Ёшлар академияси” ва “Келажак лидерлари клуби”га жалб этилади.