"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Темир йўл транспорти билан таъминлаш хизматига тегишли ТЭМ18ДМ-3172 русумли тепловозда таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Шўртан газ кимё мажмуасининг кенг қамровли фаолиятида ва ишлаб чиқаришда бажарадиган вазифаларига кўра таркибида кўпгина цех, хизмат, бўлим ва тармоқлар мавжуд. Мажмуа фаолиятида ишлаб чиқарилаётган тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларни ҳар хил турдаги (фитинг платформа, вагон цистерна, ёпиқ турдаги) вагонларга юклаш муҳим жараёнлардан биридир. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ўз вақтида мижозларга сифатли ҳолатда етказиб бериш, шунингдек мажмуага темир йўл орқали келтирилган товарларни келтирилишида ушбу хизматнинг ўрни беқиёсдир.
Темир йўл транспорти билан таъминлаш хизматида муҳим йўналишлардан бири бу локомотив хўжалиги ҳисобланади. Локомотив хўжалиги таркибига ТЭМ2-1933 ва ТЭМ18ДМ-3172 русумли манёвр тепловозлари киради. Ҳаракат хавфсизлигини ҳамда хизмат кўрсатиш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида тепловозларни йиллик режали таъмирлаш дастурлари ишлаб чиқилган.
Дастурга мувофиқ хизматга тегишли ТЭМ18ДМ-3172 русумли манёвр тепловози жорий йилнинг 2-5 март кунлари оралиғида ТО-3 ҳажмда Қарши локомотив депосида таъмирланди. Таъмирлаш жараёнида депо мутахассислари ва хизмат механиги ҳамкорлигида дизель қисми, экипаж қисми ва электр жиҳозлари созлиги текширувдан ўтказилди ва таъмир талаб бўлган қисмлар янгисига алмаштирилди.
Маълумот учун, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Темир йўл транспорти билан таъминлаш хизматида 2 дона манёвр тепловози, 96 дона суюлтирилган газ маҳсулотини ташиш учун вагон цистерна, 1 дона кислота маҳсулотини ташиш учун кислотовоз вагон цистерна, 10 дона фитинг платформа, 186 дона фитинг контейнерлар мавжуд.