"Шўртан ГКМ" МЧЖда Ёшлар сиёсати бўйича ишлар сарҳисоб қилинди
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ёшлар сиёсати бўйича 2023 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва "2024 йил - Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да Ёшлар иттифоқи ШГКМ бошланғич ташкилоти олдига қўйган мақсад ва вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда мажмуа Ёшлар иттифоқи БТ етакчиси, йўналиш бўйича координаторлар, цех, тармоқ, хизмат ва бўлимлардаги ёшлар етакчилари иштирок этишди.
Дастлаб, мажмуада ёшлар сиёсати бўйича 2023 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди, йўл қўйилган камчиликлар, амалга ошмай қолган лойиҳалар ва бунда етакчилар кенгашининг белгиланган вазифаларга бўлган муносабати танқидий муҳокама қилинди.
Шунингдек, корхона таркибидаги цех, хизмат, тармоқ ва бўлимлар раҳбарларининг ёшлар билан ишлаш юзасидан ёндашуви, ёшлар муаммолари ва таклифларига бўлган муносабати етакчилар билан алоҳида суҳбат асосида ўрганилди.
Ёшлар етакчиларига "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимида янгидан шакллантирилаётган "Ёшлар баланси" ва "Ёшлар омбори" ҳақида тушунчалар берилди ва бу борадаги вазифалар тақсимлаб олинди.
Шунингдек, йиғилишда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш ва ўз иқтидорларини ҳар томонлама намоён этишига имконият яратиш мақсадида мажмуада ташкил этилган спорт мусобақалари, “Заковат”, "Брейн-ринг" интеллектуал ўйинлари, китобхонлик танловлари, рационализаторлик ва стартап лойиҳаларида ҳамда муҳим саналар муносабати билан бўлиб ўтадиган кўнгилочар тадбирларда ёшларни фаоллигини янада ошириш юзасидан етакчиларга топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, цех, тармоқ, хизмат ва бўлимлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва боқувчисини йўқотган ёшларга кўмаклашиш, шунингдек, илмий иш билан шуғулланаётган ёшларга алоҳида эътибор қаратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кераклиги таъкидланди.
Йиғилиш сўнгида, 2024 йил учун тузилган режа-дастур асосида ишларни ташкил этиб, мажмуа ёшлари билан мунтазам равишда шуғулланишга келишиб олинди.