"Шўртан ГКМ" МЧЖда аёллар ўртасида "Қувноқ спорт-2023" мусобақаси бўлиб ўтди
Сўнгги йилларда юртимизда спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, айниқса ўсиб келаётган ёш авлодни, хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш устувор вазифага айланди.
Хусусан, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ҳам хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, спортнинг турли йўналишларига қизиқувчи хотин-қизларни бирлаштириш, жамоавийлик, ўзаро ёрдам, жиддий фикрлаш туйғуларини шакллантириш ҳамда мажмуанинг цех, хизмат, тармоқ ва бўлимлари ходимлари ўртасида дўстона алоқаларни ўрнатиш мақсадида аёллар ўртасида "Қувноқ спорт-2023" мусобақаси бўлиб ўтди.
Дастлаб, мутасадди ходимлар ва турнирда иштирок этиш истагида талабнома тақдим этган мажмуанинг турли хил цех, тармоқ, хизмат ва бўлимларидан ташкил топган 16 та жамоа вакиллари иштирокида қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди ва жамоалар 8 та жуфтликка сараландилар.
Сунг мусобақага старт берилиб, жамоалар олимпик тарзда ўтказилган саралаш босқичларида ўзаро беллашдилар. Қизғин ва юқори кайфиятда бўлиб ўтган мусобақа якунида, барча босқичларда рақибларини бирин-кетин мағлуб этган "Геолог" маданий ва спорт-соғломлаштириш мажмуасининг "Геолог" жамоаси биринчи ўринни, Уй-жойдан фойдаланиш хизматининг "Аланга" жамоаси иккинчи ўринни ва "УЖФХ" жамоаси учинчи ўринни, Маиший хўжалик хизматининг "МХХ" жамоаси эса тўртинчи ўринни эгалладилар.
Мусобақа якунига бағишланган тадбирда "Шўртан ГКМ" МЧЖ Бош директори Шухрат Асланов сўзга чиқиб, мусобақа кўтаринки руҳда ўтганлигини алоҳида таъкидлагани ҳолда ушбу мусобақада иштирок этган ва ташкилий ишларда кўмаклашган барчага ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.
Маълумки, юртимизда спортнинг аёлларга хос нозик ва нафис турларини ривожлантириш, спорт билан шуғулланишни хотин-қизларнинг кундалик ҳаёт тарзига айлантириш ва шу орқали аёллар саломатлигини сақлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Зотан, соғлом авлодгина юрт келажагини таъминлайдиган асосий омил саналади. Бу авлоднинг дунёга келиши ва камолга етишида эса, шубҳасиз, аёлларимиз, оналаримизнинг ўрни ва хизмати беқиёсдир. Мажмуамизда ўтказилаётган бу каби турнирлар ҳам ана шундай ҳаракатларнинг бир мисолидир. Мен мажмуамиз аёл-қизларини доимо мана шундай фаол ва шижоатли бўлиб қолишларини ҳамда ҳар доим ишда ҳам, уйда ҳам, ва умуман қаерда, қай жабҳада бўлмасин ўз атрофидагиларга ўрнак бўлиб қолишларига тилакдошман! - дейди мажмуа Бош директори Ш.Асланов.
Тадбир сўнгида мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан ғолиб ва совриндорлар ташаккурнома ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Мусобақанинг энг жонкуяр иштирокчиси номинациясига эса Уй-жойдан фойдаланиш хизмати ходимаси Жураева Матлуба Исматуллаевна сазовор бўлди.
Шунингдек, мусобақада иштирок этган барча иштирокчиларга ҳам мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Мусобақа финали ва тақдирлаш маросимидан фотолавҳалар: