Шўртан газ кимё мажмуасида фавқулодда вазиятлар бўйича тактик-махсус ўқув машғулоти бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 14 феврал куни мажмуада 2023 йил учун ишлаб чиқилган "Шўртан газ кимё мажмуаси" масъулияти чекланган жамияти объектларида тезкор қутқарув хизматлари иштирокида авария вазиятларини бартараф этиш режаси бўйича тасдиқланган жадвалга асосан, Оқова сувларни тозалаш цехига қарашли АD-6401 қурилмаси ҳудудида тактик-махсус ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Бўлиб ўтган тактик-махсус ўқув машғулотида саноат хавфсизлиги ва техника назорати хизмати, соғлиқни сақлаш ва меҳнат муҳофазаси хизмати, Сафарбарлик чақирув ишлари ва фуқаро муҳофазаси гуруҳи, Атроф муҳит муҳофазаси хизмати, мажмуа цех поликлиникаси ходимлари ҳамда мажмуанинг тезкор хизматлари Ғузор ҳарбийлаштирилган газдан қутқарув хизмати, “Шўртан ГКМ” МЧЖ объект биноларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлими отрядининг 39, 40 ёнғин қутқарув қисмлари иштирок этишди.
Бу каби амалий машғулотларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, мажмуада табиий ва техноген тусдаги юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф этишда қутқариш ва бошқа шошилинч ишларни аниқлаш, ташкиллаштириш ҳамда амалга оширишда мажмуа маъмурияти, қўмондонлик штаби ва мажмуада шакллантирилган фуқаро муҳофазаси таркибининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларнинг маҳоратини ошириш, шунингдек, стратегик муҳим саналган ҳудудларда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, қутқарув ва бошқа шошилинч ишларни бажаришда назорат органлари, объект бўлинмаларининг ҳаракатга тайёрлик даражасини текширишдан иборатдир.
Таъкидлаш жоизки, бундай амалий машғулотлар ихтисослашган хизмат ходимлари ва мажмуа ишчи-хизматчилардан иборат қутқарувчиларда, кутилмаган вазиятларда, фавқулодда ҳолат ҳақида дастлабки маълумотларни барча тезкор хизматларга хабар бериш ва огоҳлантириш, содир бўлган шартли табиий ва техноген вазиятни бартараф этиш учун жалб қилинадиган куч-воситаларни тўғри йўналтириш, жабрланганларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилади.