"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда талабалар учун амалиёт дарслари ташкил этиш давом этмоқда
Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари шубҳасиз юксак интеллектуал салоҳиятга эга ёшлардир. Эътироф этиш жоизки кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизими юқори босқичда ривожланиб бормоқда. Хусусан, бўлажак кадрларнинг билимларини ишлаб чиқариш жараёнларидаги техника ва технологиялар муҳитида янада мустаҳкамлаш, ўқув жараёни сифатини ошириш мақсадида "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизим корхоналари ва Олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилаётган амалий ўқув машғулотлари ҳам бунга яққол бир мисолдир.
Шундай амалий дарсларнинг навбатдагиси И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, Нефт қазиб чиқариш объектларига хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш йўналиши 2 курс талабалари учун "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг технологик зоналарида ва интерфаол жиҳозланган ўқув хоналарида ташкиллаштирилди.
Ушбу амалиёт давомида, мажмуанинг кўп йиллик тажрибага эга устоз ходимлари томонидан, бўлажак мутахассисларга мажмуа фаолияти ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди. Ноодатий тарзда ўтган амалиёт дарсларида талабалар соҳага доир замонавий техника ва технологияларнинг ишлаш жараёнларини кузатиб, ўзларини қизиқтирган саволларга амалиётчи мутахассислардан керакли жавобларни олишга муваффақ бўлишди.
Шунингдек талабалар мажмуада ишлаб чиқариладиган тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларини сақлаш ва ташиш жараёнлари билан танишдилар.
Бу каби амалий дарслар талабаларга назарий билимларни амалиётда қўллаш, малакали мутахассислар билан бирга ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этиш ва назарий билимларидаги бўшлиқларни амалиёт ёрдамида тўлдириш имконини беради.