"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ходимлари учун Тошкент ва Наманган шаҳарларига маънавий-маърифий саёҳатлар ташкил этилди
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ маъмурияти, Касаба уюшма қўмитаси, Ёшлар бошланғич ташкилоти ҳамда Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида ишчи-ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг дунёқараши ва маънавий-маърифий салоҳиятини ошириш, шунингдек, жамоа ичида соғлом ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида қатор маданий-маърифий тадбирлар ва саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Шу мақсадда жорий йил май ойида мажмуада меҳнат қилаётган 100 нафар эркак ходим учун мамлакатимиз пойтахти — Тошкент шаҳрига икки кунлик саёҳат уюштирилди. Саёҳат доирасида иштирокчилар турли кўнгилочар ва маданий тадбирларда қатнашдилар, пойтахтдаги қатор зиёратгоҳлар ва тарихий обидаларга ташриф буюриш имкониятига эга бўлдилар. Бу саёҳат улар учун маънавий ҳордиқ ва ёрқин таассуротларга бой бўлди.
Шунингдек, мажмуанинг фаол ва ташаббускор 100 нафар хотин-қизлари учун ҳам алоҳида маданий-маърифий саёҳат ташкил этилди. Уларнинг сафар манзили гўзал табиати, тарихий обидалари ва бой миллий анъаналари билан машҳур бўлган Наманган вилояти бўлди.
Уч кунлик саёҳат доирасида аёлларимиз анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган 64-Халқаро гуллар фестивалида иштирок этишди. Гўзал гуллар кўргазмаси, миллий ҳунармандчилик намойишлари ва маданий дастурлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Бундан ташқари, иштирокчилар Наманган вилоятининг табиий гўзалликка бой Чодак дам олиш масканида ҳордиқ чиқардилар ҳамда Фарғона водийсида жойлашган тарихий Қўқон шаҳрига ташриф буюриб, Худоёрхоннинг Ўрда саройи каби юртимизнинг бой тарихидан далолат берадиган обидаларни томоша қилишди.
Ташкил этилган мазкур маданий-маърифий саёҳатлар жамоада ижобий муҳитни мустаҳкамлаш, ходимлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш ҳамда жамоавий руҳиятни оширишга хизмат қилгани шубҳасиз.
Саёҳат иштирокчилари кўрсатилган эътибор ва яратилган имкониятлар учун мажмуа раҳбарияти ҳамда Касаба уюшма қўмитасига самимий миннатдорчилик изҳор этдилар.