“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ “Plastex Uzbekistan–2025” халқаро кўргазмасида иштирок этди
2025 йил 21–23 май кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” кўргазма мажмуасида пластмасса ва полимер саноатига бағишланган “Plastex Uzbekistan–2025” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли тадбирда корхонамиз — “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ҳам ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан муносиб иштирок этди.
Кўргазма доирасида мажмуа раҳбарияти ҳамда Маҳаллийлаштириш ва кооперацион алоқаларни кенгайтириш хизмати мутахассислари томонидан корхонада замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган полимерлар, пластик хомашё турлари ва уларни ишлаб чиқариш жараёнлари намойиш этилди.
Ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқот жараёнида мутахассисларимиз корхона фаолияти, маҳсулотларимизнинг юқори сифати ва самарадорлиги, жорий этилаётган инновацион ечимлар ҳамда ишлаб чиқаришдаги илғор ёндашувлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этдилар.
Ушбу кўргазмадаги иштирокимиз маҳсулот ва хизматларимизни нафақат маҳаллий, балки халқаро бозорда ҳам кенг аудиторияга танитиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва соҳанинг янада ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида амалга оширилди.
Шу билан бирга, мазкур кўргазма мутахассисларимизга соҳадаги энг сўнгги янгиликлар, технологик трендлар ва илғор тажрибалар билан танишиш имконини тақдим этди.
Кўргазма доирасида ўрнатилган янги ҳамкорлик алоқалари, амалга оширилган тажриба алмашинуви ҳамда соҳадаги илғор янгиликлар билан танишув “Шўртан газ кимё мажмуаси”нинг янада ривожланишига туртки бўлиши шубҳасиз.