ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯШИЛ МАКОНДА БИРГА ЯШАЙЛИК!
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги корхона ва ташкилотлар томонидан жорий йилги куз мавсумида дарахт кўчатларини экиш ишлари давом этмоқда.
Хусусан, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ва "Uzbekistan GTL" МЧЖ жамоалари томонидан ҳам заводлар ҳудуди ва атрофидаги майдонларда яшил белбоғни кенгайтириш мақсадида ниҳол экиш тадбирлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Ушбу тадбирлар доирасида 2023 йил куз мавсумида манзарали, мевали дарахтлар ва бута кўчатларини экиш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш тўғрисидаги “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2023 йил 3 ноябрьдаги 482-сонли буйруғига асосан "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖга 171 000 дона, “Uzbekistan GTL” МЧЖга 70 996 дона кўчат экиш режаси белгиланган.
Бугунги кунга келиб "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ томонидан 260 гектардан ошиқроқ ер майдонида 169 300 туп (режага нисбатан 99% ), "Uzbekistan GTL" МЧЖ томонидан 50 гектардан ошиқроқ ер майдонида 65 815 дона (режага нисбатан 92,7% ) мевали, манзарали дарахтлар ва бутасимон чўл ўсимликлари экилди.
Дарахт навларини танлаш Фанлар академияси тавсиялари ҳамда ҳудуднинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди. Кўчат экишда дарахтларнинг қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлган гужум, павлония, бодом, беҳи, ўрик, тут, ясень, можжевельник, туя арча, клён ва бошқа турлари ва саксовул каби бутасимон чўл ўсимликлари танлаб олинган.
Экилган дарахтлар агротехник талаблар асосида мунтазам парвариш қилиниб, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади. Бу дарахтларнинг ўсиши, ривожланиши ва касалланмаслиги учун яхши шароитларни таъминлайди.
Шунингдек, бутасимон чўл ўсимликларидан ташқари экилган барча ниҳолларни суғоришда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланилади.
Бундан ташқари, сув танқис бўлган ҳудудларга экилган ҳар бир дарахт тагига гидрогель қўйилди. (Гидрогель – гранула шаклидаги махсус модда бўлиб, намликни ўзига тортади ва сақлаб туради. Кўчат эса шу намликдан сув ичади. Гидрогель экологик тоза ва хавфсиз маҳсулот бўлиб, ўз вазифасини бажаргандан сўнг тўлиқ парчаланиб кетади ва атроф-муҳитга зарар етказмайди).
Дарҳақиқат, бутун мамлакатимиз бўйлаб қулоч ёйган бу каби эзгу ташаббуслар атроф-муҳитни яшилликка буркаш ҳамда экология мусаффолигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.