January 5, 2023

"Шўртан ГКМ" МЧЖ да "Шинжон Осиё-Европа халқаро савдо маркази” раиси билан учрашув бўлиб ўтди.

2023 йил бошиданоқ “Шўртан ГКМ” МЧЖ халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш орқали материал техник ресурсларни ишончли ишлаб чиқарувчи компаниялардан харид қилиш ва савдо занжирлари узайиши оқибатида харид нархларининг ошиб кетишини олдини олиш бўйича ўз ҳаракатларини бошлаб юборди.

Куни кеча бўлиб ўтган, Хитой Халқ Республикасининг “Шинжон (Синьцзян) Осиё-Европа халқаро савдо маркази” (AEEX) раиси Чжан Хонпинь хоним ва марказнинг Ўзбекистондаги вакили, шунингдек “Ўзбекистон Республикаси товар хом-ашё биржаси” АЖ (ЎзРТХБ) Қашқадарё филиали директори Ш.Примовнинг “Шўртан ГКМ” МЧЖга ташриф буюриши ва мажмуа раҳбарияти ва мутахассислари билан учрашуви бу борадаги режаларнинг қатъийлигидан далолатдир.

Учрашувда мажмуамиз томонидан бош директорининг биринчи ўринбосари Ш.Эшмуродов, бош директорининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Ж.Халимов, мажмуа бош механиги, бош энергетик, Моддий техника таъминоти хизмати, Маҳаллийлаштириш ва кооперацион алоқаларни ривожлантириш хизмати, Материал техник ресурсларни бошқариш хизмати, Биржа савдо майдончаси вакиллари ва бошқа мутахассислар иштирок этишди.

AEEX – Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлигининг 20% улушига эга бўлган йирик савдо маркази бўлиб, Хитой Халқ Республикаси бўйлаб 35 та провинцияда 109 та ваколатхонага эгадир. AEEX савдо маркази ЎзРТХБ билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлиб, учрашув давомида томонлар ушбу ҳамкорлик алоқаларидан ҳам самарали фойдаланиш чоралари ҳақида ҳам тўхталиб ўтишди.

Шунингдек, суҳбат давомида мажмуа томонидан эълон қилинадиган “Энг яхши таклифларни танлаш” ва “Тендер” савдолари орқали харидларни амалга оширишда Хитой давлатида жойлашган ва фаолият олиб бораётган ишончли ишлаб чиқарувчиларни AEEX савдо платформаси орқали харидларга жалб этиш ва уларнинг AEEX – UzEx платформалари орқали осон рўйхатдан ўтишлари ва тендерларда қатнашишлари учун қандай ҳаракатларни амалга ошириш кераклиги муҳокама қилинди. Учрашув якунида Хитой давлатидаги ишлаб чиқарувчиларни мажмуамизда амалга ошириладиган харидларга тўғридан – тўғри жалб этиш орқали кафолатланган сифатни таъминлаш борасидаги режа ва тадбирлар бўйича фикрлар алмашинилди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, Чжан Хонпинь хоним бир вақтнинг ўзида "Хитой халқаро электрон тижорат маркази" (CIECC) бош директори, “Йили савдо палатаси”, Хитой халқаро савдо палатаси вице президенти, “Шинжон Куитун шаҳар саноат ва тижорат федерацияси” раиси ўринбосари, “Шинжон провинцияси Йили префектураси Хитой халқ сиёсий маслаҳат конференцияси” (СРРСС) аъзоси, “Соғлиқни сақлаш алянси хайрия жамғармаси” вице президенти, “Хитой саноат фотосуратлари уюшмаси”нинг шимолий Шинжон ваколатхонаси директори ўринбосари, “Шинжон трансчегаравий электрон тижорат саноати ассоциацияси” ижрочи президенти, “Шинжон Куитун Янги Ғарбий Осиё Петрокемикал Ко., Лтд.” Раиси ҳисобланади.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|