«Ecomentor: Яшил фикр, тоза энергия, барқарор ҳаёт!» форуми — ШГКМда устоз ва шогирдлар учрашуви
2025 йил 22–25 май кунлари Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг Мироқи шаҳарчасида жойлашган “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ томонидан «Ecomentor: Яшил фикр, тоза энергия, барқарор ҳаёт!» номли "ШГКМ Устоз-шогирд форуми" юқори руҳда ва мазмунан бой тарзда ташкил этилди.
“Яшил келажакни бирга бунёд этамиз” шиори остида ўтказилган мазкур форум — мажмуада фаолият олиб бораётган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, устозлар ва раҳбарлар билан яқин мулоқот ва тажриба алмашиш имкониятини яратиш, шунингдек кадрлар захирасини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Форум доирасида спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, тимбилдинг машғулотлари, “Қувноқлар ва зукколар” танлови, миллий таомлар чемпионати ва концерт дастурлари иштирокчилар учун унутилмас онларга айланди.
Таъкидлаш жоиз, футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат, шашка, киберспорт ва қувноқ спорт турлари бўйича ўтказилган беллашувлар ёшларнинг жисмоний етуклигини намоён этса, “Zakovat Quiz” каби ақлий ўйинлар уларнинг интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш имконини берди.
Мазкур форум иштирокчиларни илҳомлантирди, уларнинг жамоавий руҳини, иштиёқини ва келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Шунингдек, устозлар ва шогирдлар бир жамоа сифатида ишлаш, ўзаро ҳурмат ва ишонч асосидаги муносабатларни кучайтириш имкониятига эга бўлдилар.
Форумнинг тантанали ёпилиш маросимида барча беллашув ва мусобақалар ғолиблари тақдирланди. Уларга “Шўртан газ кимё мажмуаси” маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундай тадбирлар — ёш мутахассисларнинг фаоллигини ошириш, масъулият, ташаббускорлик ва фидойилик каби фазилатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.