“Соғлом оила учун бирлашайлик”: спорт ва дўстлик байрами Қаршида
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Қашқадарё вилоят кенгаши ҳамда “Оқила аёллар” ҳаракати ҳамкорлигида 2025 йил 13 сентябрь куни Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида “Соғлом оила учун бирлашайлик” мавзусида спорт тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбирда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ, “Шўртан Яшил Макон” МЧЖ, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, “Uzbekistan GTL” МЧЖ ҳамда “UNG Training” МЧЖ хотин-қизлар жамоалари фаол иштирок этдилар.
Беллашувлар спортнинг волейбол, шахмат, шашка ва стол тенниси йўналишлари бўйича ташкил этилди. Мусобақаларда мажмуа хотин-қизлари ҳам қатор ютуқларга эришдилар, жумладан:
- Стол тенниси мусобақасида — Аминова Камола Дилмурод қизи (Оқова сувларни тозалаш цехи) фахрли 1-ўринни эгаллади.
Мусобақа дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтди. Хотин-қизлар спорт орқали нафақат шахсий маҳоратларини намойиш этдилар, балки тажриба алмашиш, жамоавий ҳамкорликни кучайтириш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлдилар.
Шубҳасиз, бундай тадбирлар хотин-қизларимизнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини кучайтириш ва энг асосийси, “Соғлом оила – соғлом жамият” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.