June 30

“Ёш етакчилар: қобилиятни ривожлантирайлик” — Шўртан газ кимё мажмуасида ёшлар форуми ўтказилди

Ёшлар ойлиги муносабати билан 2025 йил 17–26 июнь кунлари “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда “Ёш етакчилар: қобилиятни ривожлантирайлик” мавзусида ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Форум доирасида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, жамоавий ишлаш маданиятини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, “Чаққон бармоқлар” тез ёзиш беллашуви, CS2 йўналишидаги киберспорт мусобақаси, “Заковат Квиз” интеллектуал турнири ҳамда ижтимоий ташаббуслар форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

19 июнь куни ўтказилган “Чаққон бармоқлар” мусобақасида иштирокчилар компьютерда тез ва аниқ ёзиш бўйича беллашишди. Беллашув натижасига кўра, Рўзиев Хумоюн Музаффар ўғли (Умумий овқатланиш цехи бошлиқ ўринбосари) ғолиб деб топилди.

21–22 июнь кунлари ташкил этилган CS2 киберспорт мусобақасида “Мажмуа бошқарув аппарати”нинг “MBA” жамоаси барча рақибларини ортда қолдириб, ғалабага эришди.

24 июнь куни форум доирасида Қарши шаҳридаги Мурувват уйига ташриф уюштирилди. Ёшлар томонидан мурувват уйи тарбияланувчиларига гигиеник воситалар, шишириладиган бассейн ва ўйинчоқлардан иборат совғалар топширилди. Ушбу ташаббус меҳр-оқибат, инсонийлик ва ҳамдардлик руҳида амалга оширилди.

26 июнь куни форумнинг якунловчи тадбири — “Заковат Квиз” интеллектуал мусобақаси бўлиб ўтди. Беллашувда турли цех ва хизматлардан тузилган жамоалар билим, зеҳн ва жамоавий ҳаракатда ўз кучларини синаб кўришди. Мусобақа натижасига кўра қуйидаги жамоалар ғолиб ва совриндор бўлишди:

  • Буғ газ ҳаво таъминоти цехининг “Energy” жамоаси
  • Умумий овқатланиш цехининг “Quvnoq oshpazlar” жамоаси
  • Корпоратив харидлар хизматининг “Progress” жамоаси

Айни шу куни форум доирасида ташкил этилган барча мусобақалар ғолибларини ҳамда бир гуруҳ фаол ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда “Шўртан газ кимё мажмуаси” раҳбарияти, Касаба уюшма қўмитаси ҳамда Ёшлар бошланғич ташкилоти вакиллари иштирок этди. Ғолибларга дипломлар ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Тақдирлаш маросимида Мажмуа бош директори, сенатор Шуҳрат Асланов сўзга чиқиб, ёшларнинг форум доирасидаги фаол иштироки, билимга интилиши ва ташаббускорлиги учун самимий миннатдорлик билдирди.

Бизни ёшларимизнинг билимга чанқоқлиги, ташаббускорлиги ва янгиликка интилувчанлиги қувонтиради. Мажмуа раҳбарияти ҳар доим ёшлар билан бирга ва уларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Сизларга янги зафарлар, муваффақиятлар ва мустаҳкам соғлик тилайман - дея таъкидлади ўз нутқида Шуҳрат Асланов.

Форум илиқ, дўстона ва руҳлантирувчи муҳитда якунланди. “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ёшлар учун бундай ташаббуслар келгусида ҳам изчил равишда давом эттирилиши режалаштирилган.

Тадбирдан фотолавҳалар:

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|