"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда режалаштирилган жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш жараёни бошланди
Шўртан газ кимё мажмуасида режалаштирилган жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш мақсадида, қабул қилинаётган газ босқичма-босқич камайтирилиб, технологик қурилма ва жиҳозларда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Мажмуа мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларга асосан таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган барча қурилмалар айни вақтга келиб тўхтатилган бўлиб, барча қурилмаларда техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, мажмуада мавжуд қуритгичларда адсорбентларни янгисига алмаштириш, ҳаво билан совитиш аппаратларини кириш ва чиқиш задвижкаларини текшириш ва таъмирлаш, колонналарини ички қисмини тозалаш, иссиқлик алмаштиргич аппаратларини қувур боғламларини ички ва ташқи қисмларини сув билан ювиш каби асосий ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, мажмуа бўйича босим остида ишлайдиган идишларни, НЎА ва А жихозларини ҳамда электр таъминотидаги юқори ва паст кучланишли кабелларни текшириб чиқиш ва таъмирлаш, технологик қувурларни сув билан синовдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, режали жорий таъмирлаш ишлари келгусида ишлаб чиқариш жараёнларида вужудга келиши мумкин бўлган нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда технологик қурилма ва ускуналарнинг узоқ муддат сифатли ва самарали ишлашини таъминлашга ёрдам беради.