"Шўртан ГКМ" МЧЖда октябрь ойида амалга ошириладиган режали таъмирлаш ишларига тайёргарлик масалалари муҳокама этилди
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бошқарув аппаратида жорий йилнинг октябрь ойида амалга оширилиши режалаштирилган режали таъмирлаш ишларига пухта тайёргарлик кўриш, мажмуа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳамда 2025 йилда мажмуа олдига қўйилган асосий вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда режали таъмирлаш ишларида зарур бўлган моддий-техника ресурсларининг харид ҳолати, мутахассисларнинг тайёргарлик даражаси ва хавфсизлик чораларини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Таъмирлаш жараёнини талофотларсиз ва сифатли амалга ошириш, ишчи-хизматчиларни шахсий ҳимоя воситалари ҳамда махсус кийим-бошлар билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, таъмирлаш ишлари белгиланган муддатларда самарали бажарилиши учун четдан жалб қилинадиган маҳаллий ва хорижий мутахассислар учун қулай шарт-шароитлар яратиш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш қарорига кўра, ҳар бир технологик ускуна ва қурилмага масъул шахслар бириктирилиши, режали таъмирлаш жараёнларида хавфсизлик қоидалари кучайтирилган тартибда таъминланиши ҳамда мажмуадаги объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари белгиланган муддатларда якунланиши зарурлиги қайд этилди. Шу билан бирга, мажмуада энергия тежамкор технологиялардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳит муҳофазаси, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-44-сонли қарори ижросини таъминлаш, амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ва стратегик вазифаларни изчил давом эттириш юзасидан ҳам вазифалар белгилаб олинди.
Бундан ташқари, санитария қоидаларига қатъий риоя этиш, ишчи-хизматчилар фойдаланадиган умумий овқатланиш жойлари санитария меъёрларига тўлиқ мувофиқ бўлишини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Мажмуа ҳудудидаги объектларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш жараёнларининг ўз вақтида якунланишини таъминлаш, мавжуд муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши жамоадан юқори масъулият, ҳамжиҳатлик ва интизомни талаб этиши таъкидланди.