Мажмуада Акром Норчаев ва Марат Мухаметшин хотирасига бағишлаб мини футбол бўйича ХОТИРА ТУРНИРИ ўтказилди
Ўтганлар хотирасини ёдда сақлаш халқимиз учун азал-азалдан муқаддас фазилат ҳисобланади.
Узоқ йиллар давомида мажмуанинг ишлаб чиқариш, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида самарали меҳнат қилиб, ўчмас ном қолдирган марҳум Акром Хурсанович Норчаев ва Марат Сергеевич Мухаметшин хотирасига бағишлаб 40 ёшдан катталар ўртасида Мини футбол турнири ташкил этилди.
Турнирда мажмуанинг турли хил цех, тармоқ, хизмат ва бўлимларидан ташкил топган 8 та жамоа иштирок этди.
Қизғин курашлар остида ўтказилган мусобақада мажмуа бошқарув аппаратининг "AUP" жамоаси биринчи ўринни, Ички сув таъминоти, ташқи сув таъминоти ва электр таъминоти цехининг бирлашган "ENERGETIK" жамоаси иккинчи ўринни, Уй-жойдан фойдаланиш хизматининг "SHGKM SITY" жамоаси эса учинчи ўринни эгалладилар.
Мусобақа якунига бағишланган тадбирда "Шўртан ГКМ" МЧЖ Бош директори Шухрат Асланов сўзга чиқиб, Акром Хурсанович ва Марат Сергеевич билан бирга ишлаган вақтларини эслаб, улар хотирасига илиқ фикрлар билдирди.
Мусобақа кўтаринки руҳда ўтганлигини алоҳида таъкидлаб ўтгани ҳолда ушбу турнирда иштирок этган ва ташкилий ишларда кўмаклашган барчага ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган "Насаф" ПФК Бош мураббийи Рўзиқул Бердиев сўз олиб, спорт ёш танламаслиги, ҳар биримиз машғулотлар билан мунтазам шуғулланишимиз, айниқса, ёши катталарнинг турмуш тарзини соғломлаштиришда спорт муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир якунида мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан ғолиб ва совриндорларга ташаккурнома ва пул мукофотлари топширилди.