Сенатор сайёр қабулда: “Ҳар бир мурожаат ортида бир инсоннинг, бир оиланинг тақдири турибди”
Жорий йилнинг 7 август куни Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Асланов ҳамда Нишон тумани ҳокими Ботир Тоғаев ҳамкорлигида тумандаги “Байналминал” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида сайёр қабул ўтказилди. Қабулда туманнинг бир неча маҳаллаларидан ташриф буюрган фуқаролар иштирок этиб, ўз муаммо ва таклифларини давлат ва жамоатчилик вакилларига етказиш имконига эга бўлишди.
Ушбу тадбир сенаторнинг аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларни қийнаётган масалаларни жойида эшитиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида амалга оширилаётган навбатдаги амалий ташаббусларидан бири бўлди. Унда “фуқаро – сенатор – ҳокимият” ўртасидаги жонли мулоқот яна бир бор ҳаётда ўз ифодасини топди.
Суҳбат очиқ ва самимий руҳда ўтди. Учрашув аввалида сенатор Шуҳрат Асланов ўз сўзида: “Мен бу ерга сенатор сифатида эмас, балки халқ хизматчиси сифатида келдим. Шу сабабли бу мулоқот юракдан, очиқ ва эркин бўлиши керак” — дея таъкидлади.
Қабул жараёнида турли маҳаллалардан келган фуқаролар ўзларини қийнаётган асосий муаммолар: уй-жойга муҳтожлик, соғлиги ва даволаниш билан боғлиқ муаммолар, ишсизлик, инфратузилманинг етишмаслиги, жумладан, мактабларга бориладиган йўлларнинг таъмирталаблиги каби масалаларда мурожаат қилишди.
Сенатор ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, муаммоларни тўлиқ ўрганди. Жойида ҳал этиш мумкин бўлган масалалар тезкор бартараф этилди. Вақт ва мувофиқлашувни талаб қилувчи муаммолар эса тегишли мутасадди идораларга юборилди ва ижроси қатъий назоратга олинадиган бўлди.
Сенатор ўз нутқида Президентимиз бошчилигидаги халқпарвар сиёсат — яъни, муаммога маҳаллада ечим топиш, фуқарога етиб бориш тамойили, бевосита сайёр қабуллар орқали ҳаётга жорий этилаётганини алоҳида қайд этиб ўтди.
"Фуқароларнинг ҳар бир мурожаати ортида бир инсоннинг, бир оиланинг тақдири турибди. Уларни дардини эшитиш, уни енгиллаштириш — бу бизнинг инсоний ва хизмат бурчимиздир", — деди сенатор.
Аҳоли вакиллари эса бундай учрашувлар орқали муаммолари эшитилаётганидан мамнун эканликларини билдириб, амалий ёрдам ва ечимлар учун Ш.Аслановга ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.
Қабул якунида сенатор Шуҳрат Асланов бундай очиқ мулоқотлар тизимли равишда давом эттирилишини, ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмаслигини ва ижроси қатъий назоратда бўлишини маълум қилди.
Бу учрашув Нишон туманида фақат мурожаатларни тинглаш эмас, балки халқ билан амалий мулоқот қилишга, давлатнинг инсон манфаатларига йўналтирилган ислоҳотларини жойларда жорий этишга қаратилган навбатдаги муҳим қадам бўлди.