May 28, 2025

ВАТАНПАРВАР ВА БАРКАМОЛ АВЛОДНИ ШАКЛЛАНТИРИШ СЕНАТОРЛАР НАЗОРАТИДА БЎЛАДИ

Янги Ўзбекистон, янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўзининг ижобий натижасини амалда намоён этаётганлиги, ёшларимизни ҳар томонлама билимли, иқтидорли ва баркамол инсонлар бўлиб улғайишлари учун қилинаётган ғамхўрликлар қалбларимизда нурли истиқболимизга мустаҳкам ишонч уйғотади. Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида мактаб таълимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, Янги Ўзбекистон бунёдкорларини тарбиялаш ишига масъулият билан қараш зарурлиги алоҳида эътироф этилди.

Ялпи мажлисда мактаб таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда нафақат тегишли вазирликлар, балки сенаторлар ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳам бирдек масъул эканликлари айтиб ўтилди.

Сенаторлар ва маҳаллий кенгашлар депутатлари жойларга чиққанда ёшларни қийнаб келаётган муаммоларни синчиклаб ўрганган ҳолда мақбул ечимларни топиш ҳамда ўз вақтида бартараф этишга кўмаклашиш борасида тинимсиз изланишлари зарурлиги таъкидланди. “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастурида ҳам 2025 йилга мўлжалланган кенг кўламли ислоҳотлар назарда тутилган бўлиб, барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, ёшлар муаммолари, бандлиги ва тадбиркорлиги кўламини кенгайтириш, ҳудуд ободлиги масалаларини ҳал этиш, ёшларда экологик тарбияни шакллантириш, табиатга меҳр уйғотиш асносида чор атрофни муҳофаза этиш каби ҳаётий ғоялар ўрин олганлиги билан аҳамиятлидир.

Бугунги глобаллашув даврида ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт, санъат, фан ва замонавий технологияларга жалб этиш диққат эътиборимизда бўлиши керак. Ёзги таътил даврида таълим масканларидаги барча тўгараклар тўхтовсиз ишлаши, болаларнинг дам олиш соатларида мунтазам равишда маънавий - маърифий тадбирлар ташкил этилиши керак.

Сенат раиси барча сенаторлар қўйилган вазифаларни туман ва шаҳарларда тегишли соҳа ва тармоқлар бўйича ўз вақтида ва лозим даража бажарилиши, кутилган натижаларга эришилишини назорат қилиш, энг асосийси бу ишларда фаол иштирок этишлари зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, масъул қўмиталар, доимий комиссиялар ҳамкорликда мунтазам ўрганишлар, таҳлил ва муҳокамалар (эшитув ва сўровлар) асносида амалга оширилган ишларни назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Дарҳақиқат, миллат келажаги ва умид-истиқболи бўлган ёшларга қаратилган эътибор – Янги Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичини белгилайди, эртанги ривожланишимиз пойдеворига мустаҳкам замин яратади. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ватанпарвар ва баркамол авлод сифатида шакллантириш, ўзларини жамият ҳаётининг фаол иштирокчиси деб ҳис этишларига имкон беради ҳамда эл-юрт равнақи йўлидаги ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлайди.

Шуҳрат АСЛАНОВ,

Олий Мажлис Сенати

Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва

спорт масалалари қўмитаси аъзоси