ЎЗБЕКИСТОН ВЕНГРИЯ ЎРТАСИДА ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК МАМЛАКАТЛАР ИҚТИСОДИЁТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокараларида икки давлат ўртасида стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда Ўзбекистон - Венгрия ўртасида стратегик ва кўп қиррали ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, амалий ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани мамнуният ила эътироф этилди. Парламентлар, ҳукуматлар, идора ва ҳудудлар даражасида самарали алоқалар мавжуд бўлиб, БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин ҳамкорлик қилинаётганлиги айтиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, икки давлат ўртасида ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида етакчи корхоналарнинг кооперацияси кучаймоқда. Товар айирбошлаш ҳажмини, шу жумладан импорт ўрнини босиш ва "GSP+" мақоми ҳисобига биринчи босқичда 500 миллион еврога етказиш муҳимлиги қайд этилди. Бугунги кунда қўшма инвестиция лойиҳалари портфели 500 миллион долларни ташкил этади. Жорий йилги ташриф доирасида яна 1,5 миллиард евролик янги лойиҳалар тайёрланиши кўзда тутилмоқда. Ўзбекистон-Венгрия Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини қайта тиклаш ва яқин фурсатда унинг навбатдаги йиғилишини бизнес вакилларининг кенг иштирокида ўтказиш таклиф қилинди. Ҳудудлараро алоқаларни рағбатлантириш мақсадида Венгрияда иккинчи форумга пухта тайёргарлик кўриш юзасидан келишувга эришилди.
Икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни янада яхшилаш, ишбилармонлик, туризм ва маданий алмашинувларни фаоллаштиришга яқиндан ёрдам беради. Бундан буён икки мамлакатда тан олинадиган дипломлар бериш тизимини жорий этиш ва мамлакатимизда Венгрия олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Тошкентда шу йил ўтказиладиган Ўзбекистон ва Венгрия ректорларининг учинчи форуми ана шу амалий ҳамкорликнинг дебочаси бўлишининг яққол далилидир.
Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида икки давлатлар ўртасида Кенгайтирилган стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди. Шунингдек, етакчилар ҳузурида қабул қилинган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, жумладан, Экстрадиция тўғрисидаги шартнома, Иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, табиий офатларни бошқариш, илм-фан ва инновациялар, тинч атом соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро келишувлар алмашинилди. Етакчилар ҳузурида қабул қилинган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар алмашинуви икки мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қиладиган ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамланишида долзарб аҳамият касб этади.