June 24, 2025

ҚАШҚАДАРЁДА ЯНГИЛАНИШЛАР ШУКУҲИ БЎЙ КЎРСАТМОҚДА

Бугун воҳамиздаги улуғвор ўзгаришлар халқимизни эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш баробарида юксак марраларни кўзлаб, ислоҳотларнинг олдинги сафларида бўлишга ундамоқда. Президентимизнинг Қашқадарёга ташрифи чоғида билдирилган қимматли фикрлар, белгилаб берилган устувор вазифалар ўн йилдирки амалга ошириб келинаётган ишларнинг бардавомлигига хизмат қилади. Дарҳақиқат, вилоятимизда амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг кўлами ниҳоятда кенг. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, инвесторларни жалб этган ҳолда янги-янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш, одамларнинг бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш борасида бор билим ва тажрибамизни ишга солишимиз талаб этилмоқда.

Бугун аҳоли бандлигини таъминлаш нафақат вилоятимизда, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам долзарб масалага айланган. Бандлиги таъминланган инсоннинг хонадонига даромад кириб боради, фаровонлик, бахт ва хотиржамлик ҳукм суради. Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда янги иш ўринлари яратиш учун барча имкониятларни ишга солиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. 470 минг нафар кишини бандлигини таъминлаш, 150 минг нафарини камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилди. Китоб тумани, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантирилади.

Очиғи бундан ўн йил муқаддам вилоятимизда саноат корхоналари ҳақида гап кетса, фақатгина нефть ва газ корхоналари тилга олинар эди. Қилинган ислоҳотлар натижасида бугун электр техникаси, қурилиш материаллари, мебелсозлик тармоқларининг саноатдаги улуши 54 фоизга етди. Йиғилишда Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалада ишга туширилган лойиҳаларни барча туманларга татбиқ этиш, кейинги беш йилликда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 10 млрд. долларга етказиш вазифаси юклатилди. Бугун воҳамизда 23 минг 554 та тадбиркорлик субъекти фаолият олиб бормоқда. Ўтган тўрт ой мобайнида бир минг беш юз етмиш саккиз нафар тадбиркор ўз фаолиятини йўлга қўйди. “Ёшлар бизнеси” дастурига асосан олийгоҳ битирувчиларини “Келажакка қадам” дастури билан қамраб олиш орқали тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва иш билан таъминлашга кўмаклашиш борасида амалий ишларни бошлаб юбордик. Йил охирига қадар 70 минг 544 нафар йигит-қизларни бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Ҳозирга қадар уларнинг 40 минг нафардан ортиғи ишли бўлди.

Вилоятда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича ишлар мутлақо янгича ёндашувлар ва тизим асосида йўлга қўйилмоқда. Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш мақсадида оилавий тадбиркорлик учун кредитларнинг катта қисми хотин-қизлар таклиф этган лойиҳаларга йўналтирилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб- қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” биринчи чорагида 12 минг 448 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. Ишсиз бўлган 3638 нафар опа-сингилларимиз касб-ҳунарга ўқитилди. 4391 нафари эса бўш иш ўринларига жойлаштирилди. 460 нафар хотин-қизларнинг молиявий билимлари ошириш асносида тадбиркорлик кўникмалари шакллантирилди. 3 959 нафарини тадбиркорликка йўналтириш орқали ўз - ўзини банд қилишга кўмаклашилди.

Деҳқончилик ва боғдорчиликни ривожлантириш учун оқова сув таъминоти ниҳоятда муҳим. Бутун ер юзида содир бўлаётган чўлланиш жараёни бизни ҳам изланишга ундамоқда. Шаҳрисабз Агротуризм мажмуасидаги ландшафтли боғлар, қирда ястаниб ётган токзорлар томчилатиб суғориш ускуналари орқали оби ҳаётга қондирилмоқда. Президентимиз мутасаддиларга барча тоғли туманларда ҳам шундай боғлар ташкил этиш ва янада кенгайтириш, дарахтларни сувни тежайдиган замонавий ускуналар ёрдамида суғориш, боғларни аҳолига бўлиб бериш, имкон қадар сувсизликка чидамли дарахт кўчатларини парвариш қилиш юзасидан топшириқлар берди. Одамларни даромадли қилиш мақсадида вилоятда чорвачиликни комплекс ривожлантириш дастури амалга оширилади. Бандликни таъминлашда воҳадаги 1,3 млн. гектар ўрмон ва яйлов ерларидан самарали фойдаланиш зарурлиги, 200 минг гектар яйлов ва ўрмон ерларини лазер технологияси ёрдамида текислаб, томчилатиб суғориш ускуналари орқали суғоришни йўлга қўйиш кераклиги айтилди.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш, тарвуз экспортини 30 млн. долларга, помидор маҳсулоти экспортини эса 5 млн. долларга етказиш борасида долзарб вазифалар ижроси борасида муттасил изланишимиз талаб этилмоқда. Вазифалар ниҳоят кенг кўламли. Уларни бажариш учун Олий Мажлис Сенати аъзосидан тортиб ҳар бир депутат камарбаста бўлмоғи, шу юртнинг муносиб фарзанди сифатида ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш йўлида жон куйдириб ишлаши, янгиланишлар шукуҳи билан яшамоғи талаб этилади. Ишонаманки, белгилаб берилган вазифаларни уддалаш учун билим ва малакамиз, ҳаётимиз тажрибамиз етарли. Янги Ўзбекистон билан фахрланиш, ҳаётсеварлик, шукроналик, нурли истиқболимизга бўлган ишонч олдимизга қўйилган барча вазифаларни бекаму кўст адо этишимиз учун бизга куч-қувват ва илҳом беради.

Шуҳрат АСЛАНОВ,

Олий Мажлис Сенати

Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва

спорт масалалари қўмитаси аъзоси