June 5, 2025

“ШЎРТАН ГАЗ КИМЁ МАЖМУАСИ” МЧЖ БОШ ДИРЕКТОРИ, ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИ АЪЗОСИ АСЛАНОВ ШУҲРАТ ЧОРИЕВИЧНИНГ ИЙД АЛ -АДҲА - ҚУРБОН ҲАЙИТИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ

Азиз юртдошлар!

Барчангизни тинчлик, шукроналик, меҳр-оқибат ва саховат рамзи бўлган муборак Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман.

Ийд ал-Адҳа азалдан халқимиз томонидан ўзгача шукуҳ ила меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат айёми сифатида нишонлаб келинадиган эзгу шодиёнадир. Мамлакатимизда бу байрам расмий равишда нишонланиб, дам олиш куни сифатида белгилангани муқаддас динимиз ва миллий қадриятларимизга бўлган чуқур ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Янги Ўзбекистонимизда улуғ мақсадлар билан тинч ва осойишта ҳаёт кечириш, ҳалол меҳнат қилиш ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилиш динимизнинг эзгу ғоялари билан уйғун ва ҳамоҳанг экани эътиборга моликдир. Мамнуният билан қайд этиш жоизки, юртимизда барча фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари қаторида диний эҳтиёжлари ҳам тўлиқ таъминланмоқда. Ижтимоий ҳамда диний бағрикенглик туфайли жамиятимизда барқарорлик ҳукм сурмоқда. Турли миллат ва эътиқод вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ота-боболаримизнинг асрлар давомида дин ва дунё илмларини уйғун ривожлантириш борасида яратган илмий ва маънавий мероси — улуғ аллома ва уламоларимиз томонидан шакллантирилган бебаҳо бойлик бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Қурбон ҳайити — мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири бўлиб, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади. Бу муборак кунларда Аллоҳ таолонинг кўплаб раҳмат ва баракалари инсоният узра ёғилади. Ҳаж ибодатлари якунланиши ва қурбонлик қилиш вожиб бўлган ушбу фурсат илоҳий иноятлар билан тобора маъноли кечади. Қурбонлик гўштининг эҳтиёжмандларга улашилиши эса халқимизга хос бағрикенглик ва саховат фазилатларини янада мустаҳкамлайди.

Бу қутлуғ айёмда ота-она ва яқинларимизни табриклаб, дуоларини олиш, кекса, бемор ва муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, яқинларимизни хурсанд қилиш — барчамизнинг инсоний ва маънавий бурчимиздир. Байрам кунларида етим-есирларнинг кўнглини кўтариш, муҳтожларга кўмаклашиш, аҳиллик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш жамиятимиздаги эзгу анъаналардан саналади.

Бу йил ҳам юртимизда улкан шодлик ва фараҳ билан нишонланаётган Қурбон ҳайити халқимиз ўртасидаги бирлик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир бор ёрқин ифодаси бўлади, иншооллоҳ.

Икки дунё саодатига эришиш мақсадида ҳаёт кечираётган халқимизнинг келажаги бўлмиш ёш авлодни маънавий етук, баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш — барчамиз учун масъулиятли ва шарафли вазифадир.

Ҳурматли ҳамкасблар!
Айни пайтда меҳнат жамоамизнинг фидокор, меҳнатсевар ва самимий инсонларини ҳам алоҳида эътироф этишни истар эдим. Сизларнинг ҳар кунлик масъулиятли меҳнатингиз, жамоадаги ҳамжиҳатлик ва дўстона муҳит Қурбон ҳайити каби улуғ айёмларнинг маънавий моҳиятига тўла мос келади.

Айниқса, жамоамиздаги ўз касбига садоқатли, покниият инсонларнинг хизматлари туфайли умумий мақсадларимиз сари олға интилаяпмиз. Бугунги кунда ҳам айнан ана шундай жипслик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик юртимиз тараққиётининг асосий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу муборак байрам кунларида барча ҳамкасбларимга ва уларнинг оила аъзоларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, қут-барака тилайман. Хизматингизда барака, ҳаётингизда файз бўлсин!

Қадрли Ватандошлар!
Сизларни муборак Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан қутлаб, барчангизга Яратгандан соғлом ва фаровон ҳаёт, оилаларингизга муҳаббат ва тотувлик, юртимизга барқарор тараққиёт ва эзгулик тилайман. Нуроний отахон ва онахонларимизнинг дуолари ижобат бўлиб, юртимизда ҳар доим тинчлик ҳукм сурсин. Парвардигор барчамизни ўз паноҳида асрасин.

Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!