“ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИКНИНГ СТРАТЕГИК МАҚСАДЛАРИ – 2035” КОНЦЕПЦИЯСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ МУҲИМ АҲАМИЯТ КАСБ ЭТАДИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтган иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитида бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Давлатимиз раҳбари можаро ва низоларни дипломатия ва конструктив музокаралар йўли билан ҳал этишга алоҳида эътибор қаратгани мамлакатимизнинг тинчликсевар ташқи сиёсатининг амалдаги ифодаси эканининг яққол далилидир. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Озарбайжондаги саммитида Тошкентдаги тарихий саммитдан кейин ташкилотнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, янги йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида сезиларли ютуқларга эришилгани алоҳида эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концепциясини қабул қилиш, Тошкент шаҳрида савдо вазирларининг учрашувини ўтказиш, “яшил йўлаклар” тизимини яратиш, “Экоинвест” дастурини қабул қилиш, рақамли транспорт ва божхона идорасини ташкил этишни тезлаштириш таклифлари халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз ўз нутқида “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концепциясини қабул қилиш ниҳоятда зарур эканлигини эътироф этар экан, бу муҳим ҳужжатда савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология, туризм ва таълим каби анъанавий йўналишлар билан бирга, инновациялар, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Қабул қилинадиган бу концепцияда Ташкилотнинг ўрта ва узоқ даврдаги устувор ривожланиш йўналишларини белгилаб берилиши ниҳоятда муҳимдир.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси бўйича тезкор ахборот алмашиш ва уларни тўсиқсиз етказиб бериш учун “яшил йўлаклар” тизимини яратиш ташаббуси бугуннинг энг долзарб вазифаси эканлигини айтиб ўтиш лозим. Инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун узоқ муддатли "Экоинвест" дастурини қабул қилиш ниҳоятда муҳимлиги таъкидланди. Транспорт-логистика соҳасини рақамлаштириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш мақсадида Рақамли транспорт ва божхона идорасини ташкил этишни тезлаштириш таклифи ҳам илгари сурилди.
Бу йил Самарқандда Миллий авиакомпаниялар форумини ўтказиш таклифи билдирилди. Чўл ҳудудларида ўрмонлар ташкил қилиш ва рекреация зоналарини барпо этиш бўйича Трансчегаравий "яшил дастур" ишлаб чиқиш ташаббусини саммит иштирокчилари қўллаб-қувватладилар. Шунингдек, ташкилот доирасида туризм хизматларини замонавийлаштириш ҳамда такомиллаштириш бўйича "йўл харитаси" қабул қилиш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Дарҳақиқат, минтақада янги авиақатновлар йўналишларини очиш, авиакомпаниялар ўртасида инновацион ҳамкорлик шаклларини йўлга қўйиш, туризм ва авиация соҳалари ўртасида маркетинг бўйича интеграциялашган стратегияларни ишлаб чиқиш борасида ўртага ташланган таклифлар мазкур йўналишдаги умумий вазифалар муҳокамаси учун Самарқандда Миллий авиакомпаниялар форумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Ташкилотга аъзо давлатларнинг аҳолиси, маҳаллий ва халқаро сайёҳлик учун мавжуд имкониятлардан тўлароқ фойдаланиши борасида аниқ таклифлар берилди. Чунки мазкур давлатлар ҳудудида нафақат минтақа, балки дунё сайёҳлик йўналишларининг муҳим нуқталари мавжудлиги, бу гўзал масканларга саёҳатчилар оқимини ошириш орқали хизмат кўрсатиш, логистика, авиация соҳалари ривожи ҳисобига иқтисодий йўналишларда кўзланган мақсадларга эришиш имконини беради.
Мухтасар қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар дўстлик, ўзаро ишонч, тенг манфаат асносида халқлар фаровонлигини таъминлаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш асносида минтақада кўп томонлама манфаатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.