April 14, 2025

“ШЎРТАН ЯШИЛ МАКОН” МЧЖ – “ЯШИЛ МАКОН” УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТМОҚДА

Орол денгизининг қуриши, қурғоқчилик ва бошқа глобал экологик муаммолар инсониятдан табиатга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни, табиий ресурслардан унумли ва тежамкор тарзда фойдаланиш зарурлигини эслатиб қўйди. Она табиатнинг мусаффолигини таъминлаш, табиийлигини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга бутунлигича етказиш барча учун масъулиятли вазифа эканлигини ҳар лаҳза ёдда тутмоқ даркор.

Янгиланаётган Ўзбекистонимизда яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси мазкур муаммоларни бартараф этишга умид уйғотди. Мамлакатимиздаги барча шаҳар ва туманлар марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида оммавий тарзда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Халқимизда боғ яратиш, эккан дарахтимнинг соя-салқини, мева-чевасидан ўзгалар баҳраманд бўлсин, дея ният қилиб дарахт экишдек яхши бир анъана бор. Дарахтлар нафақат ҳавони тозалайди, балки зарарли газлар тарқалишига тўсқинлик қилади, шовқин даражасини пасайтиради, ҳароратни ва ҳавонинг қуруқлигини юмшатади.

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Ғузор туманидаги Кенгсой кенгликларида барпо этилган. Чўл сарҳадлари ҳисобланган ушбу маконда дарахт кўчатларини экиш, кўкартириб олиш ва парваришлаш анчагина машаққатли иш ҳисобланади. Мажмуа таъсисчилигида ташкил этилган “Шўртан яшил макон” масъулияти чекланган жамияти жамоаси ана шу масъулиятни тўлақонли уддалашга эришмоқда. Жамият тасарруфидаги 141 гектар майдонда 52 минг туп мевали ва манзарали дарахтларга агротехника қоидалари асосида ишлов бериш ва суғориш ишлари амалга оширилмоқда. Мавжуд кўчатчилик бўлимида 175 минг туп шарқ туяси, қайрағоч, катальпа, глядичи, тут, бодом, шойи акация, павлония, ясен, айланд, япон сафораси, ўрик, беҳи, можевенник ва қароли кўчатлари етиштирилди.

“Шўртан яшил макон” масъулияти чекланган жамияти майдонларидаги қуриб қолган дарахтларни ёшартириш мақсадида 22 минг 230 дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Жамиятда 3 та кўчатчилик бўлими ташкил этилган бўлиб, мевали ва манзарали дарахт уруғларидан 257 минг 930 дона ниҳоллар етиштирилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги хайрли ишларга ҳисса қўшиш мақсадида корхона ва ташкилотларга ҳамда аҳоли хонадонларига 1600 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳомийлик тариқасида етказиб берилди.

2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да “Шўртан яшил макон” МЧЖ томонидан жами 185 минг 820 туп 19 турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, баҳор мавсумида 71 минг 110 тупи замин бағрига қадалди. Қолган 114 минг 710 тупи куз мавсумида экилади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш, биохилма-хилликни асраш ҳамда чиқиндиларни бошқаришга қаратилган бир қатор муҳим стратегик ҳужжатлар қабул қилинди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг олдини олиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Мажмуамиз ишчи-хизматчилари нафақат корхона жойлашган сарҳадларда, балки ўзлари истиқомат қилаётган маҳалла ва қишлоқларда, хонадонларида кўчат экиш ва парваришлаш ишларида барчага ибрат бўлиб меҳнат қилмоқда.

Дарҳақиқат, табиатни асраш — келажакни асраш демакдир. Инсон тоза ҳаводан нафас олгандагина узоқ ва бахтиёр умр кечиради. Агар ҳар биримиз яхши ният билан лоақал бир дона кўчат экишни одат қилганимизда экологик қонунларга эҳтиёж қолмасди. Зеро, табиатни асраш — саломатликни асраш ва бахтли келажак йўлидаги эзгу ишларга ҳисса қўшиш демакдир. Шундай экан, оилада, маҳалла ва қишлоқларда экологик тарбияни кучайтириб, гулу гиёҳлар маскани ва дарахтзорларни асраб-авайласак, табиий гўзалликларга зиён етказмасликни одат қилиб, авлодлар келажаги ва ҳаётнинг давомийлиги учун катта ҳисса қўшган бўламиз.

Шуҳрат АСЛАНОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси