June 30, 2025

“ШЎРТАН ГАЗ КИМЁ МАЖМУАСИ” МЧЖ БОШ ДИРЕКТОРИ, ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИ АЪЗОСИ АСЛАНОВ ШУҲРАТ ЧОРИЕВИЧНИНГ ЁШЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ

Ассалому Алайкум қадрли ёшлар!

Сизларни Ёшлар куни муносабати билан самимий муборакбод этаман!

Янгиланаётган Ўзбекистонимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратиб келинмоқда.

Юртимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилади. Олий таълим ёшларимизнинг орзу-интилишларини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Вилоятимизда олийгоҳлар сони ортгани сайин ёшларни олий таълим билан қамраб олиш янада кенгайди. Ўз соҳаларида муваффақиятларга эришиб, илмий изланишлар олиб бораётган ёшлар хориж тилларини катта қизиқиш билан ўрганмоқдалар. IELTS имтиҳонидан юқори балл олганлар сони кескин кўпайди. IT соҳасида “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига жалб этилаётган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бораётир.

Юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, ёшларнинг куч-ғайрати ва азму шижоатига таянишимиз айни ҳақиқатдир. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар сизнинг бахтли истиқболингиз йўлидаги хайрли ишларнинг дебочасидир.

Янги Ўзбекистон келажаги сиздек истеъдодли, билимли ва матонатли ёшлар қўлида эканлигини ҳамиша ёдда тутмоғингиз лозим. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, билимли ва етук инсонлар бўлиб камолга етишлари учун ғамхўрлик қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор марказида турибди.

Бугун мамлакатимизда амалиётга татбиқ этилган вертикал бошқарув тизими асосида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида деҳқончилик қилиш учун ер, тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун жой ва молиявий кўмак берилаяпти.

“Ёшлар тараққиёти индекси”га кўра мамлакатимиз ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган давлатлар қаторига киритилди. Бу эса ёшларга қаратилган эътиборнинг халқаро даражада ҳам эътироф этилаётганидан далолат беради.

Хусусан, мамлакатимиз ёшлари учун хориж томон эшиклар очилгани туфайли уларнинг дўстлари ва ҳамкорлари сони ортиб, билим ва касб ўрганиш, глобал мулоқот ва фикр алмашув имкониятлари кенгаймоқда.

Янги Ўзбекистонимизда учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга астойдил бел боғлаган ёшларимизнинг билим олиши, бандлигини таъминлаш учун барча шароитлар муҳайё этилаяпти. Ватанимиз тақдири, эртанги кунимиз қандай бўлиши ёшларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш борасидаги бугунги саъй-ҳаракатларимиз билан чамбарчас боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, мажмуамиз цех ва бўлимларида меҳнат қилаётган шижоатли ёшларнинг билим ва малакасини ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш доимо раҳбариятнинг диққат марказида. Олий маълумотли ёшларга билимларини янада мустаҳкамлашлари учун мажмуамиз ва Қарши давлат техника университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйилди.

Мажмуамизда замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш модернизациялаштирилмоқда. Уларни бошқариш учун эса замонавий билим ва хориж тилларини билиш зарур. Шу боис жамиятимиз ва воҳадаги олийгоҳлар ўртасида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Айтиш жоизки, ушбу ислоҳотлар ёшларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан чамбарчас боғлиқ. Улар орасида меҳнати, интилишлари ва ташаббуслари билан бошқаларга ўрнак бўлаётган ёшлар ҳам етарли.

Шу кунларда юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонига асосан давлат мукофотлари билан тақдирландилар.

Улар орасида мажмуамизнинг Ишончлиликни бошқариш хизмати Лойиҳалар офиси мутахассиси Жалилов Абдикаримбек Абдихалил ўғли ҳам бор. У фидоий меҳнат фаолияти ва ташаббускорлиги эвазига "Келажак бунёдкори" медали билан тақдирланди. Бу ютуқ жамоамиз ва вилоятимиз ёшлари учун юксак илҳом ва намуна бўлиб хизмат қилади.

Азиз ёшлар!

Ҳар бир халқнинг салоҳияти, аввало, унинг маънавий камолоти, ақлу заковати, куч-қудрати, бунёдкорлик даҳоси ёшларнинг шижоати, дунёқараши, билимдонлиги билан белгиланади. Зеро, келажагини ўйлайдиган халқ ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялашни ўз бурчи деб билади.

Билимли, иқтидорли, салоҳиятли ўғил-қизларга таяниб, ҳамжиҳатликда олдинга интилиб яшайдиган давлатнинг истиқболи порлоқ бўлади. Мажмуамиз маъмурияти, Касаба уюшма қўмитаси ва Ёшлар бошланғич ташкилоти ёшларнинг билим ва иқтидорини намоён этишлари учун доимо ғамхўрлик қилиб келмоқда.

Давлатнинг жадал ривожланиши, халқ фаровонлиги айнан ёшларнинг таълим-тарбияси ва келажагига қаратиладиган эътиборга боғлиқ. Президентимизнинг доимий ғамхўрлиги, меҳру муҳаббати сизнинг қалбингизда умид ва ишонч уйғотмоқда. Илҳом ва руҳ билан олға интилинг, чунки эртанги кун умидли қўлларда — сизлардандир.

Ёшлик инсон ҳаётининг энг гўзал давридир. Қалбингиз ғайрату шижоатга тўла бўлган бу даврда ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланиб, доимо бунёдкорлик ва ижодкорлик ҳисси билан яшамоғингиз керак.

Сизларни яна бир бор байрамингиз билан табриклар эканман, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, нурли истиқболимиз йўлидаги эзгу ишларингизга ривож тилайман. Сизлар эл-юртимизнинг бахту иқболи, ифтихорисизлар. Ватанга чексиз садоқат, элга эҳтиром туйғулари ила яшанг, доимо орзу-умидларингиз рўёбини кўриб юринг. Ҳамиша соғу саломат бўлинг!