April 24, 2025

ШЎРТАН ГАЗ КИМЁ МАЖМУАСИ ЁШЛАР ЖАМОАСИ “ЗАКОВАТ” ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ЎЙИНИ ФИНАЛИДА ИШТИРОК ЭТАДИ

Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий ислоҳотлардан пировард мақсад ҳам ёш авлоднинг интеллектуал етуклигини, ақлий ва ахлоқий салоҳиятини оширишдан иборатдир. XXI аср интеллектуал ёшлар асри, интеллектуал салоҳият эса демократик тараққиёт мезони эканлигини алоҳида эътироф этмоқ лозим. Ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга кўмаклашадиган, ақл-заковати, интеллектуал салоҳиятини оширадиган, ўзлари қизиққан соҳалар бўйича билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мазкур танлов минглаб иқтидор эгаларини кашф этаётганлиги билан аҳамиятлидир.

Қарши шаҳрида “Интеллектуал олимпиада–2025” доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ёш мутахассислар ўртасида ўтказилаётган “Заковат” интеллектуал ўйинининг ҳудудий саралаш босқичи бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида жойлашган корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёшлар жамоалари иштирок этишди. Мажмуамиз ёшлар жамоаси беллашувда ўзларининг билимдонликлари, теран фикрлашлари, юксак тафаккур эгаси эканликларини амалда намоён этиб, мазкур беллашувнинг финал босқичида иштирок этиш бахтига муяссар бўлишди.

Эътироф этмоқ лозимки, инсоннинг ақли ва қалби илм ила юксаклик сари интилади. Билим азиз умримизнинг маёғи, ҳаёт йўлимизни ёритувчи нур, тафаккуримизни бойитадиган бебаҳо хазина десак, муболаға бўлмас. Ҳар қандай иқтидорнинг асосини билим ташкил этади. Қобилият соҳиби тинимсиз изланиб, қанча кўп билим олишга интилсагина муваффақиятга эриша олади. Билим шундай бир уммонки, қанча кўп ўргансанг, шунчалик кам билишингни англайсан, янада кўпроқ ўқиб-ўрганишга интиласан.

Мусобақанинг финал босқичи жорий йил май ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган 27-Халқаро “Ўзбекистон нефт ва гази – OGU 2025” кўргазмаси ва анжумани доирасида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхона ва ташкилотларнинг саралаш босқичида муваффақиятга эришган энг кучли ёшлар жамоалари бош соврин учун беллашадилар.

Эришилган бу муваффақият мажмуамизда меҳнат қилаётган иқтидорли ёшларнинг илмий изланишлари, ташаббусларини амалиётга татбиқ этиш, ишлаб чиқариш жараёнини замонавийлаштириш борасида амалий таклифлари, илмий-инновацион соҳадаги салоҳиятларини намоён этишларига имкониятлар яратилганлиги, малакали кадрларни тайёрлаш борасида олий ўқув юртлари билан ҳамкорликлар янада мустаҳкамланиб, ривожлантирилаётганлиги, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таҳсил олаётган, илмий - тадқиқот ишлари билан шуғулланаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилаётганлиги, энг муҳими ҳар бир жамият аъзосини билимдон мутахассис ва баркамол шахс сифатида шакллантириш борасидаги амалий ишларимиз натижасидир. 

Шуҳрат АСЛАНОВ,

Олий Мажлис Сенати

Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва

спорт масалалари қўмитаси аъзоси.