April 9, 2025

ЭКОЛОГИК МУАММОЛАРНИНГ АНИҚ ЕЧИМЛАРИ, СИЁСИЙ ВА ИҚТИСОДИЙ СТРАТЕГИЯЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси мамлакатимизда ўтказилганлиги давлатимизнинг халқаро майдондаги обрўси ортиб бораётганлигининг яққол далолатидир. Дарҳақиқат, бугун жаҳон ҳамжамияти олдида халқаро хавфсизлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, барқарор ривожланиш ва парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини ижобий ҳал этишда парламентлараро мулоқот муҳим аҳамият касб этади. Марказий Осиё минтақасида илк бора ўтказилаётган Ассамблеянинг кун тартибидаги иқлим ўзгаришига қарши кураш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этди.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим тарихий воқеа сифатида эътироф этилаётган мазкур анжуманда экологик муаммоларни муҳокама қилиш, балки уларга жавобан аниқ ечимлар, сиёсий ва иқтисодий стратегияларни белгиланди. Саммитда “яшил энергетика” салоҳиятини рўёбга чиқариш, савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, тоза энергия, ўта муҳим хом ашё ресурслари ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг умумий йўналиш ва устуворликлари белгилаб олинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун инсониятни ташвишга солаётган жиддий муаммолардан бири – бу иқлим ўзгаришидир. Марказий Осиё дунёдаги сув танқислигига муаммосини бошидан кечираётган, экологияси ёмонлашиб бораётган минтақалардан биридир. Орол фожиаси, қурғоқчилик, ҳавонинг ифлосланиши, чўлланиш каби ҳодисотлар барчамизни ташвишга солиб келмоқда. Ўта долзарб ва стратегик аҳамиятга эга бўлган мазкур тадбирда Марказий Осиёдаги экологик муаммолар, иқлим ўзгаришларига қарши курашиш борасида минтақавий ва глобал муаммоларнинг ижобий ечимлари борасидаги амалий ишларни янада ривожланишига туртки бўлади. Бу анжуман минтақамиз аҳолисини қийнаб келаётган глобал муаммоларни мақбул ечимларини топиш этиш учун жаҳон жамоатчилигининг эътиборини қаратиш баробарида молиявий кўмак ва технологик ёрдам жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.

Дунё миқёсидаги экологлар, сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар иштирок этган нуфузли анжуманда минтақада иқлим ўзгаришининг таъсирлари, сув ресурслари ва Орол денгизи муаммоси, “яшил энергетика” ва углерод нейтраллиги, қишлоқ хўжалигида мослашув стратегиялари ҳамда транспорт ва шаҳарсозликда экологик ёндашувлар каби масалалар муҳокама қилинди. БМТ, Европа Иттифоқи, БРИКС, Жаҳон банки, GCF (Green Climate Fund) иштироки доирасидаги мулоқотлар якунида соҳада қабул қилинаётган давлат стратегиялари учун халқаро грантлар олиш имконияти кенгайиши баробарида иқлим фанини ривожлантириш, янги-янги инновация ва стартапларни амалиётга татбиқ этишда талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун ҳам янги имкониятлар эшиги очилишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Мухтасар қилиб айтганда, бу тадбир нафақат экология масалаларини муҳокама қилиш майдони, балки Ўзбекистоннинг халқаро сиёсатдаги экосиёсий позициясини кўрсатибгина қолмасдан, мамлакатимизни глобал иқлим сиёсатининг фаол иштирокчиси сифатида юртимиздаги экологик муаммоларни бартараф этиш борасида янги лойиҳалар, маблағлар ва шерикларга эга бўлишига яқиндан ёрдам беради.

Шуҳрат АСЛАНОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси