Шайхонтоҳур туман ҳокими Абдуқаххор Тухтаевнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ!

Хурматли юртдошлар, азиз тумандошлар!

Хабарингиз бор, бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус пандемияси шиддат билан тарқалмоқда.


Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида коронавирус пандемиясини олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


Охирги уч ой давомида мавжуд эпидемиологик вазият ижобий томонга ўзгарганлиги сабабли ишлаб чиқариш корхоналари, қурилиш ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолияти тикланди ва минглаб юртдошларимизнинг бандлиги ва асосийси иқтисодий жиҳатдан ўзини-ўзи
ва оиласини таъминлаш масаласи аста-секинлик билан барқарорлаша бошлади.


Лекин мавжуд вазиятни тўлиқ баҳоламасдан аҳоли ўртасида санитар-эпидемиологик талабларга амал қилмаслик, айниқса, тиббий ниқоб тақмасдан ёки уни номига тақиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпайганлиги натижасида пойтахтимизда, айниқса аҳоли ўртасида шиддат билан мазкур инфекциянинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.


Муҳтарам президентимиз таъкидлаганларидек, бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ.
Яъни,
тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, аҳоли шифокорлар тавсияларига ва карантин қоидаларига риоя этмаса, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар бўлган юз минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин.

Азиз тумандошлар,
мурожаат қилиб яна бир бор таъкидламоқчиман: бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди.


Саломатлигингизда бирор нохушлик ва касаллик аломатларини ҳис қилганингизда бефарқ бўлманг, дарҳол шифокорларга мурожаат қилинг ва назоратда бўлинг, ўзингизни яккаланг ва зарур муолажаларни ўз вақтида кўринг.


Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг!


Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик эканини ҳамиша ёдда тутишимиз зарур ва шу билан бирга мавжуд эпидемиологик вазиятни тўлиқ ҳис қилган ҳолда карантин талабларига масъулият билан ёндашсак бу хавфдан қутулишимиз осонроқ кечади.

Азизлар, сизларни карантин қоидаларига қатъий риоя этишга, заруратсиз кўчага чиқмасдан уйда ўтириб, оилангиз ва яқинларингиз саломатлигига қайғуришингизга умид қиламан.


Шу ўринда синовли кунларда ўзининг чексиз ҳиммати ва ватанпарварлиги билан элга хизмат қилаётган, хайрия ишларини амалга ошираётган тадбиркор ва фуқароларга, шунингдек тиббиёт ходимларига ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдираман.


Ўз вақтида қанчадан-қанча синовлар ва оғир кунларни бошидан кечирган халқимиз вазиятга тўғри баҳо бериб, ушбу синовларни ҳам мардонавор енгиб ўтишига ишонаман.


Ўзингизни, оилангизни эхтиёт қилинг, уйда қолинг!