April 9, 2020

Шайхонтоҳур туман ҳокими Абдуқаххор Тухтаевнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ!

Хурматли юртдошлар, азиз тумандошлар!

Бугунги синовли кунларда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган коронавирус инфекцияси бутун дунёга шиддат билан тарқалаётганлигидан барчангиз хабардорсиз.

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида коронавирус эпидемиясини олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, мазкур касалликнинг юқиши эҳтимолини камайтириш ҳамда аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида барча чоралар амалга оширилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари топшириғига асосан туманимизда Коронавирус инфекциясини бартараф қилиш, эпидемиологик карантин даврида фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталикни назорат қилиш мақсадида Шайхонтоҳур туман ҳокимлигида туман штаби ташкил этилиб мазкур штаб ўз фаолиятини доимий амалга оширмоқда.

Шайхонтоҳур туманида коронавирус инфекциясини тарқалиб кетмаслигини олдини олиш бўйича маҳаллалар ва кўчаларда, аҳоли гавжум бўлган жойлар жумладан деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи йирик савдо мажмуалари туман Санитария-эпидемиология ва осойишталик маркази ходимлари томонидан дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.

Туманимиз аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида маҳаллаларда арзон нархларда озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилмоқда, шу билан бирга уйда ётиб қолган ёлғиз отахон-онахонларимиз, ижтимоий ҳимояга мухтож фуқароларимиз учун барча керакли озиқ-овқатлар, гигиена маҳсулотлари уйларига етказиб берилмоқда.

Хабарингиз бор, бир неча кун олдин ҳомийлик ҳайрияларини мувофиқлаштириш махсус маркази ташкил этилди ва ёрдамга муҳтож фуқароларимиз марказнинг қисқа 1197 рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин.

Муҳтарам тумандошлар!


Бугунги кунда коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетмаслиги учун туманимизда яшовчи ҳар бир фуқаро шахсий масъулиятни сезган ҳолда мазкур касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзи намуна бўлмоғи зарур.

Бунда ҳар бирингиз саломатлигимизни асраш учун тавсия этилаётган барча кўрсатмаларга, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишингиз, зарурият бўлмаса кўчага чиқмаслигингиз, эҳтиёж юзасидан кўчага чиққанда ниқоб тақишингиз, карантин қоидаларига қатъий амал қилиш ва энг асосийси саросимага тушмасдан, турли асоссиз уйдирмаларга ва ёлғон хабарларга ишонмаслигингиз лозим.

Шайхонтоҳур тумани миллий қадриятлар сақланиб қолган қадим тарихи, муйсафид отахону-онахонлар ибрати, ўзининг шижоати билан дунёга донғи кетган ёшлари, сабр-бардошли, мардонавор инсонлари билан доимо ажралиб турган.
Келинглар барчамиз мана шу тахликали кунларда ўзимизни шу жаннатмакон Ўзбекистонни хақиқий фарзанди сифатида, унинг бугуни ва эртасига бефарқ бўлмай, бу синовларни енгиб ўтишда хамжиҳат бўлиб намуна кўрсатайлик!
Қадрли отахонлар ва мухтарама онахонлар!
Саломатлигингизни асраш учун тавсия этилаётган барча кўрсатмаларга тўлиқ амал қилишингиз, катта ҳаётий тажрибангиз орқали барчани огоҳликка чақиришингиз, аҳолининг ваҳимага тушмаслиги ва оғир-босиқлик билан ёндошиши йўлида ўз маслаҳатларингизни аямасликларингизни сўрар эдим.

Ҳурматли тумандошлар!


Азизлар, сизларни карантин қоидаларига қатъий риоя этишга, заруратсиз кўчага чиқмасдан уйда ўтириб, оилангиз ва яқинларингиз саломатлигига қайғуришингизга умид қиламан.


Шунингдек иш жойида бўлишга мажбур фуқароларимиздан ҳам қатъий интизомни сақлаган ҳолда, гигиена ва санитария меъёрларига амал қилишингизни сўрайман. Унутмайлик, давлатимиз ҳеч бир фуқарони, тадбиркорни ўз муаммоси билан ёлғиз қолдирмайди, синовли кунларда яккалатиб қўймайди.

Зеро муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганларидек, “халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Оллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтган”

Ўзингизни, оилангизни эхтиёт қилинг, уйда қолинг!