August 15, 2020

Расмий Муносабат

Ижтимоий тармоқларда “Қурилишдан норози аҳоли талаби нега инобатга олинмаяпти?” сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалди, мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги мутасаддилари томонидан ўрганишлар олиб борилди ва қуйидагилар маълум қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастури тўғрисидаги ПФ-5467-сон Фармони ижроси бўйича “Сархумдон” маҳалласи “Обод маҳалла” дастурига киритилган. Юқорида қайд этилган Фармоннинг 8- банди иккинчи хатбошисида, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис шахобчаларини барпо этиш орқали янги иш ўринлари яратиш ва ахолини иш билан бандлигини ошириш чораларини кўриш белгиланган. Юқоридагиларга кўра “Сархумдон” маҳалласи учун ишлаб чиқилиши белгиланган бош режага мувофиқ, Шайхонтоҳур тумани “Сархумдон” маҳалласи, Қоратош кўчаси 2-уй орқа тарафида жойлашган бўш ер майдонига беш нафар тадбиркорга беш дона енгил турдаги савдо шахобчасини қуришга рухсат берилган.

Мазкур қурилаётган енгил турдаги савдо шахобчалари қурилиш лойихаси архитектура ва қурилиш бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғини билан белгиланган тартибда келишилган ва қурилиш лойиха асосида олиб борилаётганлиги билдирилади.

Шунингдек, видеороликда ўзини маҳаллий аҳоли вакили сифатида таништирган фуқаролар томонидан келтирилган важлар ўз тасдиғини топмади.

Амалдаги қонунчиликка кўра фуқаролар томонидан ёлғон ва уйдирма хабарларни тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланганлиги эслатиб ўтилади.

Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги Матбуот хизмати