January 7, 2021

Расмий Муносабат

Шайхонтоҳур тумани, Гулираъно кўчаси, 17-а-уйда яшовчи фуқаро Б.Маметовнинг уй-жой олиш масаласи бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан МАЪЛУМОТ

Шайхонтоҳур тумани, Гулираъно кўчаси, 17-а-уйда яшовчи фуқаро Б.Маметов 2017 йил 24 ноябрда туман ҳокимлигига ёзган аризасига асосан Сергели туманида қурилган имтиёзли уйлардан хонадон олиш учун 6132-тартиб рақам билан навбатга қўйилган.

Ҳудудий комиссия томонидан 2017-2019 йилларда 5900 та фуқароларнинг мурожаати ўрганилган бўлиб, биринчи навбатда ижтимоий шароити оғир, кам таъминланган уй-жойга муҳтож оилаларга ажратилган. Сергели туманида қурилган имтиёзли уйлардан жами туманга 2068 та хонадонлар ажратилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги ПҚ-2660-сонли ҳамда 2017 йил 23 октябрдаги ПҚ-3350-сонли қарорларига асосан, имтиёзли кредит асосида Сергели туманида қурилган кўп қаватли уй-жойлардан 2020 йил учун фуқароларга тақсимлаш учун туман ҳокимиятига хонадонлар ажратилмаган.

Шу сабабли, фуқаронинг навбати келмаганлиги ва туман ҳокимлигига 2020 йилда хонадонлар ажратилмаганлиги сабабли 5900 дан кейинги фуқаронинг мурожаати комиссия томонидан ўрганиб чиқилмаган.

Фуқаро Б.Маметов келгуси мурожаатларида туман ҳокимлиги фуқаронинг навбатини бошқа фуқароларга берганлигини билдириб шикоят қилган. Лекин, аниқ асосли далиллар ва маълумотлар сўралганда фуқаро аниқ жавоб бера олмаган. Шунингдек, фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мазкур масалада мурожаат қилганда ҳам аниқ асосли маълумотлар тақдим эта олмаган.

Фуқаро Б.Маметовни туман ҳокимлиги раҳбарияти қабул қилмаганлиги бўйича шуни маълум қиламизки, 2020 йилнинг сентябрь ойида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Каримов томонидан, 2020 йилнинг 2 октябрь куни туман ҳокими Девони раҳбари Ш.Мансуров томонидан, 2020 йилнинг 8 октябрь куни туман ҳокими ўринбосари Р.Қурбонов томонидан қабул қилинган ва ушбу масала бўйича барча тушунтиришлар берилган.

Бундан ташқари, фуқаро Б.Маметов 2020 йилнинг 26 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимининг сайёр қабулида бўлиб, бошланғич бадали 40,0 млн.сўмгача ва ойлик тўлови 2,5 млн.сўмгача бўлган шартлари асосида кредитга уй сотиб олишини ва унга ушбу шартлар асосида уй топиб беришларини сўраган.

Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Артикходжаев томонидан фуқаро Б.Маметовга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги ПҚ-4701-сон қарорининг 3-бандига кўра, қарз олувчи хусусий пудрат ташкилотлари томонидан қуриб битказилган, тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозоридан сотиб олиш учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг Тошкент шаҳри учун энг кўп миқдорлари қуйидагича:

1 ва 2 хонали квартиралар учун 198 млн сўмдан 264 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 млн сўмдан 352 млн сўмгача оширилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сон Фармонига 1 бандига мувофиқ, қарз олувчига уй-жойнинг жойлашган жойи ва майдонини мустақил равишда танлаш ҳуқуқи берилган ҳолда тақдим этилади деб кўрсатиб ўтилган. Яъни, фуқаро ўз истаги ва молиявий имкониятидан келиб чиққан ҳолда уйларни танлаш ҳуқуқига эгалиги;

айрим шахсларга, шу жумладан кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши;

фуқаронинг истаги ва шароитидан келиб чиққан ҳолда янги қурилган бирламчи уйларни ипотека кредити маблағлари ҳисобидан олиши мумкинлиги тўғрисида тушунтириш берилган.

Шунга қарамасдан, 2020 йилнинг 8 декабрь куни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Каримов, туман ҳокими Девони раҳбари Ш.Мансуров фуқаро Б.Маметовнинг уйидаги шароитни ўрганиш мақсадида борганда қуйидагилар аниқланди:

Б.Маметов юқоридаги манзилда 6 та яшаш учун хонадон иборат 2.7 сотих ер уй-жой ховлисида 8 та жон (Б.Маметовнинг ўзи, бувиси, онаси, тоғаси, 2 та синглиси ва турмушидан қайтган синглисининг 2 нафар фарзанди) истиқомат қилади.

Фуқаро Б.Маметовга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан Тошкент шаҳар Сергели тумани, Қурувчилар мавзеси, Хонабод маҳалласида “ELITE COMPLEX” МЧЖ томонидан қурилаётган янги турар жой мажмуасидаги уйлардан бири ўрганиб чиқилди.

Мазкур янги қурилган уйлардан дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1-хоналик (45,1 кв.м.) хонадоннинг умумий нархи 189,4 млн.сўмга баҳоланган, кредит суммаси 151,4 млн.сўм, бошланғич тўлов бадали 37,884 млн.сўм ва кредит ойлик тўлови 2,336 млн.сўм бўлган хонадон Б.Маметовга расман таклиф этилди.

Фуқарор Б.Маметов таклиф этилган уйни бориб кўриб келишини маъқул келса олишини маълум қилди.

Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги Матбуот хизмати