January 12

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари суд аппарати ходимларининг МАНСАБ ЙЎРИҚНОМАСИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Йўриқнома фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларисуд аппарати(бундан буён матнда суд аппарати деб юритилади) ходимларининг асосий хизмат вазифаларини белгилайди.

2. Суд аппарати ходимлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги Қонуни, Олий суд раиси буйруқлари ва фармойишлари, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қуйи судлар, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг касб ва одоб-ахлоқ қоидалари” ҳамда мазкур судлар ходимларининг фаолиятини тартибга солувчи бошқа низом ва қўлланмалар ҳамда ушбу Йўриқнома талабларига риоя қилишлари шарт.

3. Суд аппарати ходимлари суд раиси ва раис ўринбосарларининг бевосита раҳбарлигида фаолият юритади.

4. Суд аппарати ходимлари билан меҳнат шартномалари суд раиси томонидан тузилади ва бекор қилинади.

5. Суд аппарати ходимларининг интизомий жавобгарлик масаласи суд раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг нормалари ҳамда ушбу Йўриқнома талабларига мувофиқ ҳал қилинади.

6. Йўриқнома талаблари асосида иш юритишни ташкиллаштириш суд раиси ва таркибий тузилмалар раҳбарлари зиммасига юклатилади.

7. Суд раиси зарурат бўлган ҳолларда суд аппарати ходимлари ўртасида вазифаларни қайта тақсимлашга ҳақли.

2-боб. Судья ёрдамчиси

8. Судья ёрдамчисига қуйидаги вазифалар юклатилади:

судья томонидан иш юритишга қабул қилинган даъво ариза (ариза)лар бўйича иш жилдларини очади (давом эттиради) ва расмийлаштиради;

ишда иштирок этувчи шахсларга суд мажлиси тайинланган вақти ва жойи ҳақидаги хабарномалар, телефонограмма, телеграммаларни ахборот тизими базаси (бундан буён матнда  ахборот тизими деб юритилади)да қайд этган ҳолда юборади ёки тилхат орқали топширади;

қонунда белгиланган ҳолларда суд мажлиси тайинланган вақти ва жойи ҳақида прокурорга хабар қилади;

ишда иштирок этувчи шахсларга суд ҳужжатлари ва бошқа хат-хабарлар юборилганлигини тасдиқловчи маълумотларни ишларга жойлаштиради;

ишни судда кўриш билан боғлиқ суднинг сўров хатларини тайёрлайди;

ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда судда кўришга тайинланган ишлар рўйхатинитузади ва белгиланган жойга илиб қўяди;

судга келиб тушган корреспонденцияларнинг ишга оид қисмини тегишли ишларга жойлаштиради;

ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд мажлисига келган
ёки келмаганлиги сабабларини аниқлайди, бу ҳақда судьяни хабардор қилади;

фуқаролик судида кўрилаётган ишларда суд мажлиси котиби сифатида қатнашади;

суд мажлиси баённомасини ҳамда амалга оширилган алоҳида процессуал ҳаракатлар бўйича баённомани процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда, муддатда ва шаклда тузади;

суд қарорининг хулоса қисми эълон қилингандан сўнг, уни интернет тармоғида тўлиқ матн билан эълон қилиш учун тарафларнинг розилиги ҳақида тилхат олади ва иш ҳужжатларига илова қилади;

суд қарорини интернет тармоғида эълон қилишга тарафлар розилик бермаган ёки эътироз билдирган тақдирда судьянинг кўрсатмаси билан суд қарори матнини шахссизлантиради;

суд томонидан чиқарилган бошқа тоифадаги ҳужжатлар (суднинг хусусий ажримлари) ижросини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўради;

суд ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлайди;

кўриб чиқилган ишлар бўйича раислик қилувчининг топшириғига биноан суд ҳужжатларидан нусхалар олади, ҳал қилув қарори, ажримларни тегишли тарафларга юборади ёкиберади;

суд процесси иштирокчиларини суд мажлиси баённомаси, иш ҳужжатлари билан иш юритиш Йўриқноманинг талабларига риоя қилган ҳолда таништиради ва зарур ҳолларда ишдаги ҳужжатлардан нусхалар беради;

ишларни юқори инстанция судида кўриш учун тегишли расмийлаштиради;

кўриб чиқилган ишларга тегишли ҳужжатларни тикади, уларни рақамлайди ва рўйхатини тузади.

кўриб тамомланган ишларни архивга топширишга тайёрлайди, топширилгунга қадар уларни сақлаш чораларини кўради ҳамда тегишли тартибда топширади;

суд раҳбарияти ёки судья томонидан фуқароларни қабул қилишда иштирок этади;

юридик ва жисмоний шахсларнинг процессуал характерда бўлмаган мурожаатларини ўрганиб чиқади ҳамда улар юзасидан жавоб лойиҳаларини тайёрлайди;

суд раҳбарияти топшириқларидан келиб чиқадиган бошқа ваколатларни амалга оширади.

3-боб. Девонхона

9. Девонхона–девонхона мудиридан иборат таркибда фаолият кўрсатади.

10. Девонхона мудири зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилади:

бўлимга юклатилган вазифа ва топшириқларнинг бажарилиши учун жавоб беради;

судда иш юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг талаблари бажарилиши устидан назорат қилади;

судга келиб тушган фуқаролик ишлар бўйича барча корреспонденциялар (аризалар, шикоятлар, протестлар, хатлар ва бошқа мурожаатлар)нитегишли ишловдан ўтказиб, ахборот тизимида қайд қилади;

ижрочилари белгиланган шикоятлар, аризалар, бошқа ҳужжатлар ва мурожаатларни тегишли ижрочиларга реестр орқали топширади;

алоҳида назоратга олинган корреспонденцияларнинг ижросини назорат қилади ва бу ҳақда суд раҳбариятига маълумот бериб туради;

суд раҳбарияти ва судьяларининг шахсий ва сайёр қабулларини ташкиллаштиради;

жўнатилаётган барча корреспонденциялар, шу жумладан, фуқаролик ишларни ахборот тизимида тўғри қайд қилинганлигини текшириб, уларнинг ўз вақтида тегишли манзилларга юборилишини таъминлайди;

фуқаролик ишлари билан боғлиқ ҳужжатлар йиғмажилдларини намунавий номенклатурага асосан тузади;

ҳужжатлар йиғмажилдларини номенклатурага асосан юритилишини таъминлайди;

кадрлар масаласига оид ички меъёрий ҳужжатларга мувофиқ иш юритишни ташкил қилади;

суд аппаратига штат жадвалига мувофиқ ходимларни ишга олиш ва бўлим фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан суд раҳбариятига таклифлар киритади;

суд раисининг топшириғига кўра, суд аппаратига ходимларни ишга қабул қилиш, меҳнат шартномаларини тузиш, бекор қилиш
ва ўзгартириш билан боғлиқ ҳужжатлар лойиҳаларини ўз вақтида
ва сифатли тайёрланишини таъминлайди;

суд аппарати ходимларнинг шахсига оид шахсий йиғмажилдларининг тўлиқ ва тўғри юритилишини таъминлайди;

суд аппарати ходимларнинг меҳнат дафтарчаларининг тўғри юритилишини таъминлайди;

суд аппарати ходимларининг меҳнат интизомига риоя этишларини назорат қилади;

суд аппарати ходимларининг меҳнатга вақтинчалик лаёқатсизлик варақаларини расмийлаштиради, уларнинг ҳисоботини юритади
ва ундаги маълумотлар аниқлигига жавоб беради;

суд раисининг кадрлар таркибига оид фармойиш ва буйруқларининг ижросини таъминлайди;

судьялар ва суд аппарати ходимларини давлат мукофотларига тақдим этиш тўғрисидаги ҳужжатларни ўз вақтида ва сифатли тайёрланишини таъминлайди;

суд аппарати ходимларига ёшга доир пенсия тайинлаш билан боғлиқ ҳужжатларни тайёрланишига кўмаклашади;

судьялар ва суд аппарати ходимларининг меҳнат таътилига чиқиш жадвалини ишлаб чиқади;

кадрларга оид ҳисоботларни тайёрлайди ва суд раҳбариятига тақдим этади;

судлар тизимида фаолият юритаётган суд аппарати ходимлари томонидан содир этилган интизомсизликлар, ножўя хатти-ҳаракатлар бўйича келиб тушган ариза ва шикоятларни ўрганади, таҳлил қилади, натижаси бўйича таклиф ва хулосалар тайёрлайди;

электрон ахборот алмашинуви билан боғлиқ ишларни бажаради
ва унинг мунтазам ишлашини таъминлайди;

суд аппарати ходимларининг кўп йиллик меҳнати учун уларга қўшимча ҳақ тўлаш ва нафақа тайинлаш учун ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди;

фуқароликишлар бўйича апелляция тартибида келиб тушган шикоят ёки протестларни, шунингдек берилган хусусий шикоятлар ёки келтирилган протестларни ўз вақтида юқори турувчи судга юборилиши юзасидан назорат қилади;

тегишлилиги бўйича жисмоний ва юридик шахслардан келган ариза ва шикоятларни ўрганади ҳамда натижаси бўйича раҳбариятга маълум қилади;

судга тааллуқли бўлмаган мурожаатларни тегишли органлар
ва ташкилотларга қонунда белгиланган беш кунлик муддат ичида юборилишини таъминлайди;

халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига киритилаётган ахборотларни тайёрлайди;

ҳуқуқий тарғибот ишларида иштирок этади ва судьялар томонидан олиб борилган тарғибот ишлари юзасидан маълумотларни ахборот тизимига киритади ва уларни мониторинг қилиб боради;

иш режалари тўлиқ ва тўғри бажарилишини таъминлайди;

ҳаройда суд аппарати ходимларибилан семинар машғулотлариниташкиллаштиради;

ахборот тизими имкониятларидан фойдаланган ҳолда иш
ва бошқа ҳужжатлар бўйича маълумотларни олади;

ишлардаги маълумотлар билан ахборот тизимидаги маълумотлар юзасидан доимий солиштиришлар ўтказади ва уларни мувофиқлаштириб боради;

судга келиб тушган топшириқларни ижросини ўз ваколати доирасида таъминлайди;

статистик маълумотларни ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда йиғиш, умумлаштириш, тақдим этиш ва электрон архивлаштириш ишларини таъминлайди;

фаолият натижаларига доир маълумотларнинг ахборот тизимига тўлиқ ва ҳаққоний киритилганлиги ҳақидаги кафолат хатларини тайёрлайди;

суд статистикасига доир маълумотларни тақдим этиш юзасидан келиб тушган ташкилот ва идораларнинг мурожаатлари юзасидан раҳбариятга маъруза қилади;

барча турдаги(республика бюджети даромадига давлат божи, жарималар, бошқа суд харажатлари ва ҳ.қ. ундириш бўйича) чиқарилган ижро ҳужжатларини ахборот тизими орқали қабул қилади;

никоҳ ҳақиқий эмас деб топилган фуқаролик ишлари бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорларини Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 50-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ расмийлаштиради;

юқори турувчи судлар томонидан ўрганиш учун сўралган ишларни ўз вақтида юборилишини таъминлайди;

суд раҳбариятининг суд фаолиятига оидбошқа топшириқларинибажаради.

4-боб. Архив

11. Архив –архив мудири (архивариус)дан иборат таркибда фаолият кўрсатади.

12. Архив мудири (архивариус)зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилади:

архив паспортини юритади ва унга фонд ҳажми ва таркиби бўйича ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотларни киритиб боради;

суд раисининг буйруқ ва фармойишларини, суднинг молия-хўжалик фаолиятига оид ҳужжатларини, шахсий ишлар йиғмажилдларини, кўрилиб тамомланган фуқаролик ишларини ва ишга оид бошқа материалларни, суд амалиётини умумлаштиришга оид ҳужжатларни
ва статистик ҳисоботларни белгиланган тартибда тўғри расмийлаштирилганлигини текширади ва сақлаш учун қабул қилиб олади;

архивга қабул қилинган ишлар ва бошқа ҳужжатларни ахборот тизимида рўйхатга олади ва уларни тартиб рақамлари асосида жойлаштиради;

ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочилари томонидан юборилган барча маълумотлар (суд ҳужжатининг тўлиқ ёки қисман ижро этилганлиги, ижросини таъминлаш имконияти йўқлиги ва шу каби маълумотлар) ахборот тизимида белгиланган шакллар асосида тўлиқ киритиб, ушбу суд ҳужжатини юборган судьяни таништиради ҳамда тегишли ишларга қўшиб қуяди;

архивда сақланаётган ишлар ва бошқа ҳужжатларнинг ҳисобини юритади, зарур ҳолларда улар юзасидан маълумотномалар тайёрлайди;

суд раҳбариятининг рухсатига кўра архивда сақланаётган ишлар
ва ҳужжатлар билан тегишли шахсларни таништиради, белгиланган тартибда ҳужжатлардан нусха ёки кўчирмалар беради ҳамда сўровномаларга асосан маълумотномаларни тайёрлайди;

архивдаги ишлар ва бошқа ҳужжатларни сақланишини таъминлайди;

ҳар йили камида бир маротаба архивда сақланаётган архив ҳужжатларини сақлаш ва йўқ қилишга ажратади;

доимий сақланиши лозим бўлган ишлар ва бошқа ҳужжатларни тегишли архивга топшириш чораларини кўради;

суд раҳбарияти топшириқларидан келиб чиқадиган бошқа ваколатларни амалга оширади.

5-боб.Якунловчи қоидалар

13. Зарурат бўлганида суд аппарати ходимлари суд раҳбариятининг кўрсатмасига асосан бошқа бўлимларда амалга оширилаётган ишларни бажаришга жалб этилиши мумкин.

14. Суд раҳбариятининг кўрсатмасига асосан вақтинча ўз меҳнат фаолиятини бажара олмайдиган суд аппарати ходимининг вазифалари бошқа ходим(лар)га юклатилиши мумкин.

15. Суд аппарати ходимлари тасдиқланган ички меҳнат тартиб қоидаларига ва интизомига риоя қилишлари, хизмат хоналарини озода тутишлари, иш фаолиятида фойдаланиш учун топширилган жиҳозларни ва техник ускуналарни авайлаб асрашлари шарт.

16. Ҳар бир ходим меҳнат шартнома тузилишидан олдин мазкур Йўриқнома билан тилхат орқали таништирилиши шарт.

17. Мазкур Йўриқнома тасдиқланган кундан бошлаб кучга киради.