Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом «Таълим тўғрисида», «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва олий таълим соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига, ҳарбий олий таълим муассасаларига, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиалларига татбиқ этилмайди.

2-1. Хорижий фуқароларнинг ўқишини хорижий олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш (тиклаш) суҳбат асосида амалга оширилади. Уларнинг тўлов-контракт маблағлари миқдори қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

3. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ҳамда бу борадаги комиссиялар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда олий таълим муассасаларнинг сайтларида алоҳида маълумотлар базаси ташкил этилади.

Маълумотлар базаси мазкур Низом, ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этиладиган олий таълим муассасалари рўйхати ва уларга топшириладиган ҳужжатлар намуналари, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини кўчирмоқчи бўлганлар учун синовларни ўтказиш муддатлари, манзили акс эттирилган жадвалдан ташкил топади.

2-боб. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш ва қайта тиклашнинг умумий қоидалари

4. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш ва қайта тиклашда (кейинги ўринларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш деб аталади) таълим йўналишларининг (мутахассисликларининг) номланиши бир хил бўлганда бундай таълим йўналишлари (мутахассисликлари) мос деб ҳисобланади.

Олий таълимнинг турдош таълим йўналишлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

5. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш:

олий таълим муассасалари;

тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар;

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) қарорлари асосида амалга оширилади.

6. Бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш шу олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади.

7. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш талабани қабул қилаётган олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида амалга оширилади:

олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;

олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига.

8. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Давлат комиссияси қарори билан амалга оширилади:

хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига;

бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик ёки идора ёхуд турли вазирликлар ва идоралар тизимидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган таълим йўналишларига ва истисно тариқасида мос бўлмаган мутахассисликларига.

9. Қуйидаги ҳолатлар фуқаронинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш ҳақидаги аризасига рад жавоби берилишига асос бўлади:

хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим муассасаларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;

республика олий таълим муассасаларидаги мавжуд таълим шаклидан ўзга (бошқа) таълим шаклида ўқиганларга;

олий таълим муассасаларининг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;

биринчи курснинг биринчи семестрига биринчи семестр тугалланмаган ҳолатда ўқишни кўчиришга (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар, ўқиган таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда кўчириб тиклаш ҳолатлари бундан мустасно);

олий таълим муассасасида мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги) ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;

намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошганда;

тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаганда;

талабанинг шахсий йиғма жилди (академик маълумотнома) белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;

олий таълим муассасасига давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклаш давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул квоталари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса;

олий таълим муассасаси моддий-техника базасининг имконияти чекланганда;

мақсадли қабул қилинганлар бошқа таълим йўналиши ёки таълим шаклига, бошқа олий таълим муассасасига;

кечки (сменали) таълимдан сиртқи (махсус сиртқи) таълимга ҳамда кечки (сменали) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчи таълим соҳасига;

сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчи таълим соҳасига;

бир таълим шаклидан махсус сиртқи таълим шаклига ҳамда махсус сиртқи таълим шаклидан бошқа таълим шаклига;

талаба Ўзбекистон ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви асосида қабул қилиниб қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олган ёки таҳсил олаётган бўлса (мазкур қўшма дастурнинг ўзи бундан мустасно);

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда.

Фуқаронинг ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризасига рад жавоби берилган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун белгиланган муддатда, аризада кўрсатилган манзилга, аризани кўриб чиққан комиссия ёки комиссия ваколат берган ташкилот томонидан жавоб хати йўлланади.

10. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклашни расмийлаштиришда олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) белгиланган тартибда ўқув режалари ва дастурлардаги мавжуд академик қарзларни ёки фарқларни (намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошмаслиги лозим) топшириш тартиби ва муддатларини (жорий семестр давомида), ўқитиш курси (семестри) ҳамда ўқишга қабул қилишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа шартларини белгилайди.

11. Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олаётган талабалар иккинчи курсдан бошлаб ўқишнинг бир ўқув йилигача бўлган муддатни хорижий олий таълим муассасасининг юриспруденция йўналишида ўқиш ҳуқуқига эга. Талабанинг хорижий олий таълим муассасасида ўқиган даври ва ўзлаштирган фанлари хорижий олий таълим муассасаси маълумотномаси асосида университет Кенгаши томонидан университет ўқув режаси ва дастурларининг тегишли қисмларини ўзлаштирганлиги сифатида қабул қилиниши ва талабага ўқишини тегишли ўқув семестридан да��ом эттириш ҳуқуқи берилиши мумкин.

12. Тўлов-контракт асосида талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклашда тўлов-контрактни тузиш тартиби ва шартлари, жумладан, тўлов маблағлари ва муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

13. Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.

14. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклашни амалга ошириш тартиби мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

3-боб. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш

15. Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш (кейинги ўринларда Талабалар ўқишини кўчириш деб аталади) бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш қуйидагича амалга оширилади:

ўқишини кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар амалга оширилади;

аризаларни олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар амалга оширилади.

Талабалар ўқишини кўчириш узрли сабабларга кўра (республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган (паспорт бўйича доимий рўйхатдан ўтган) ҳудудга кўчиб ўтганда, турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда, ёхуд ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда) баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда:
ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар;

ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.

16. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ҳақидаги аризалари мос равишда:

ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан — олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига топширилади;

ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган Ҳудудий ишчи гуруҳларга топширилади.

Ҳудудий ишчи гуруҳлар қабул қилинган ҳужжатларни умумлаштириб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ўқишини кўчириш ҳақидаги аризаларни мазкур Низомда белгиланган ваколатлар доирасида шакллантириб Давлат комиссиясига ва вазирликлар (идоралар)га қарор қабул қилиш учун йўллайди.

17. Ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқаро қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

кўчириш (қайта тиклаш)ни истаган таълим йўналиши (мутахассислиги), ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада ўқиган олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши (мутахассислиги), таълим шакли, мақсадли қабул бўйича ўқишга кирмаганлиги, кўчириш (қайта тиклаш) сабаблари, кўчириш (қайта тиклаш) қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);

талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;

паспортнинг нусхаси.

18. Талабалар ўқишини кўчириш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
ушбу Низомнинг 6-бандида
кўрсатилган ҳолатлар бўйича ариза кўриб чиқилиб, олий таълим муассасаси ректорининг тегишли қарори қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга шахсан маълум қилинади;

ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар тегишли вазирлик (идора) томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга маълум қилинади;

8-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади.

Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган тақдирда, тегишли вазирлик (идора) олий таълим муассасасига белгиланган шаклда хат йўллайди.

Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган тақдирда, Давлат комиссияси олий таълим муассасасига белгиланган шаклда хат йўллайди.

19. Тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссиясининг хати асосида олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқиши кўчирилаётган талаба дарсларга қўйилади ҳамда ушбу олий таълим муассасаси томонидан талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасига унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.

20. Сўровнома олингандан сўнг, талаба илгари таълим олган олий таълим муассасаси ректорининг талабалар сафидан четлаштириш ҳақида буйруғи асосида уч кун муддатда талабанинг шахсий йиғма жилди (рўйхати билан) уни ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади ёки ариза билан ўқиши кўчирилган талабага берилади.

Шахсий йиғма жилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда (ёпиқ йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш) олий таълим муассасаси ректори томонидан имзоланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган академик маълумотнома талабани ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади.

Ўқиши кўчирилишига рухсат этилган талабанинг мақсадли қабул асосида ўқиётганлиги ўқиб турган олий таълим муассасаси томонидан текширилади ва ҳақиқатда мақсадли қабул асосида ўқиётганлиги аниқланган тақдирда сўровнома юборган олий таълим муассасасига ҳамда талабага мазкур талабанинг ўқиши кўчирилиши мумкин эмаслиги тўғрисида уч кун муддатда тегишли хат йўлланади.

21. Талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасида унинг академик маълумотномаси, рейтинг дафтарчаси, ўқув карточкаси, шунингдек жўнатилаётган ҳужжатлар рўйхатининг нусхаси қолдирилади.

22. Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олган талабалар аризасига кўра олий таълим муассасаларида тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.

Кўзи ожизлар тоифасига кирувчи сифатида ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга ажратилган квота доирасида давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини олий таълимнинг мос ва турдош таълим йўналишлари ҳамда мос мутахассисликларига давлат гранти асосида кўчирилишига рухсат этилади.

Бошқа ҳолларда, шунингдек, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

23. Хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тизимида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларда ташкил қилинган комиссияларда ўқиши кўчирилаётган олий таълим муассасаларининг муайян таълим йўналишидаги ўқишга кириш фанлари бўйича ўқийдиган тилида махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш ёки касбий (ижодий) имтиҳон шаклида) топширади.

Турмуш ўртоғи ёки ота-онаси хорижий давлатдаги давлат хизматини ўташ жойи Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасига ўтказилган, Ҳукумат қарорлари ва топшириқлари ҳамда олий таълим муассасаларига эга вазирлик ва идоралар томонидан давлат буюртмаси билан хорижга ўқишга юборилганларнинг ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш махсус синовларсиз Давлат комиссияси қарорига асосан амалга оширилади.

Фуқаронинг махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш ёки касбий (ижодий) имтиҳон шаклида) натижаси Давлат комиссиясига тақдим этилади. Махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш шаклида) натижасидан келиб чиқиб, фуқаро Давлат комиссияси қарори билан кўрсатилган ўқув шаклидаги гуруҳларга тўлов-контракт асосида кўчирилади.

Кўчирилаётган олий таълим муассасасида тегишли ўқитиш тили мавжуд бўлмаса, ўқитиш тилини танлаш фуқаронинг аризасига мувофиқ амалга оширилади.

23-1. Халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатдан жой олган Россия Федерацияси олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг аризаларига мувофиқ уларнинг ўқиши Давлат комиссияси қарори билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига синовлар (тест, ёзма иш)сиз тўлов-контракт асосида кўчирилади.

Халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатдан жой олган Россия Федерацияси давлат олий таълим муассасалари рўйхати ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

23-2. Хорижий олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчирилишига рухсат этилмайди.

24. Олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг талабани белгиланган тартиб ва муддатда дарсларга қатнашишига рухсат этиш тўғрисидаги буйруғи талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасидан унинг шахсий йиғма жилди (шахсий йиғма жилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда — академик маълумотномаси) олингандан кейин расмийлаштирилади.

Тўлов-контракт асосида ўқиши кўчирилганларни талабалар сафига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғи улар томонидан белгиланган муддатда шартнома тўловлари бажарилгандан сўнг 10 кун муддатда қабул қилинади.

25. Ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади.

Жорий семестр давомида академик қарздорлик (фарқлар) бартараф этилган муддатдан бошлаб, олий таълим муассасаси ректорининг талабага ўрнатилган тартибда стипендия бериш ҳақидаги буйруғи чиқарилади. Стипендия миқдорини белгилашда фанлар бўйича фарқларни топшириш кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади.

26. Олий таълим муассасасида юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчириш ушбу юридик шахснинг розилиги билан амалга оширилади.