September 22, 2020

Mudzu. «101 Dzen hikmati» kitobidan rivoyatlar

«101 дзен ҳикмати» менинг энг севимли китобларимдан бири. Қарайиб 30 йилдан буён ҳаётдаги йўлдошларимдан бирига айланган бу тўплам буддавийликнинг асосларидан бўлмиш Дзен таълимоти мутафаккири Мудзу (Мудзю) Итиэннинг «Тош ва қум тўплами» асари асосида тартиб берилган.

Хуршид ДАВРОН
МУДЗУ ВА УНИНГ АСАРИ ҲАҚИДА

«101 дзен ҳикмати» менинг энг севимли китобларимдан бири. Қарайиб 30 йилдан буён ҳаёт йўлдошларимдан бирига айланган бу тўплам буддавийликнинг асосларидан бўлмиш дзен таълимоти мутафаккири Мудзу (Мудзю) Итиэннинг «Тош ва қум тўплами» асари асосида тартиб берилган.

Мудзу (Мудзю) Итиэн (1226–1312) Камакура (XII аср охири – XIV аср боши.) даврида яшаган ва япон тафаккури тарихида чуқур из қолдирган таниқли буддавийлик бузруклари Хонэн, Синран, Догэн, Нитирэн сафидан муносиб ўрин эгаллаган сиймолардан бири. Унинг 1279–1283 йилларда яратилган «Тош ва қум тўплами» (японча: «Сясэкисю:».) япон буддавийлик насрининг энг ёрқин намуналаридан бири сифатида эътироқ этилади. Мудзу нафақат тўпловчи, балки асарда жамланган қадимий Ҳинд, Хитой ва Япон тупроғида яшаган буддавийлик донишмандлари ҳикматлари, кўҳна маъбадлару ибодатгоҳлар нақлу ривоятлари, ҳукмдорлар, сарой аҳли, коҳинлар, роҳиблар ва оддий одамлар ҳаёти билан боғлиқ ибратли воқеалар, инсоний фазилатлару иллатлар, инсон ҳаёти моҳияти ҳақида ўзига хос фикру мулоҳазаларини ифода эта олган файласуф адиб сифатида намоён бўлади.

«Тош ва қум тўплами» ўн бобдан (бешинчи ва ўнинчи боблар икки қисмли) иборат бўлиб, уларда 134 нақлу ривоят баён этилади. Ҳар бир боб аниқ мавзуни ёритади. Масалан, биринчи боб илоҳий мўъжизалар, иккинчи боб Будда кароматлари, учинчи боб сўз ва амалларда намоён бўладиган қарама-қаршиликлар, тўртинчи боб буддавийлик тариқатларининг ўзаро танқидий муносабати-ю, роҳибларнинг оилавий ҳаёти ва турмуши, бешинчи боб дин алломалари ва шоирлар, олтинчи боб воизлар, еттинчи боб эҳтиросга берилган одамлар, саккизинчи боб нодон ва донишмандлар, тўққинчи боб саховаткор эркаклару аёллар ва, ниҳоят, ўнинчи боб зоҳидлар хусусида ҳикоя қилади.

Асоси «Тош ва қум тўплами» бўлган ва қисман кейинги асрларда яшаган дзен таълимоти намоянлари томонидан ёзиб қолдирилган битиклар асосида шаклланган «101 Дзен ҳикмати» китоби 1929 йили Филадельфия ва Лондонда нашр этилган эди.

«101 ДЗЕН ҲИКМАТИ»
КИТОБИДАН РИВОЯТЛАР

ТЎҒРИ ЙЎЛ

Банкей ҳафталаб медитация билан машғул бўларди. Шундай кунларда унинг ёнига бутун Япониядан шогирдлар келар эди.

Машғулотлар вақтида бир ўқувчи ўғрилик устида қўлга тушди. Шогирдлари Банкейдан уни ҳайдаб юборинг, деб илтимос қилди. Муаллим бу илтимосни эътиборсиз қолдирди.

Ўша бола яна ўғрилик билан ушланди. Банкей бу сафар ҳам ҳеч қандай чора кўрмади. Устозларнинг парвосизлигидан ранжиган ўқувчилар энди унга, агар ўғрини ҳайдамасангиз, биз кетамиз, дея ёзма равишда арз қилди.

Банкей арзномани ўқиб чиқиб, шогирдларини бир ерга тўплади-да, уларга шундай деди: “Ҳаммангизнинг ақл-ҳушингиз жойида, нима яхшию нима ёмон эканини биласиз. Хоҳлаган жойингизга бориб ўқишингиз мумкин. Аммо ҳали яхши-ёмоннинг фарқига бормайиган бу бандага тўғри йўл кўрсатиш менинг бурчим эмасми? Ҳаммангиз кетсангиз ҳам у шу ерда қолади”.

Бу гаплардан қаттиқ таъсирланган ўғрининг мижжалари ёшланди. Шу-шу ўғрилик қилмади.

ХАЁЛОТ ДУНЁСИГА САЁҲАТ

Машҳур Дзен муаллими Сён Сакунинг бир шогирди шундай ҳикоя қилади:

“Ҳар кун туш чоғи устозимиз мудраб ўтирарди. Бу ҳолга ўзи “Мен худди Конфуций сингари донишманд мўйсафидлар билан учрашиш мақсадида хаёлот оламига саёҳат қиламан”, дея изоҳ берарди.

Биз ўқиган манбаларда қайд этилишича, Конфуций кўпинча қадим донишмандларни тушида кўрар, сўнг бу ҳақда шогирдларига гапириб берар экан.
Ҳаво ниҳоятда қиздираётган кунларнинг бирида иссиқ тафтидан баъзиларимизни уйқу элитди. Буни кўрган устозимизнинг жаҳли чиқиб, бизни койий бошлади. Шунда “Биз ҳам Кофуцийга ўхшаб қадим донишмандлар билан учрашиш ниятида хаёлот оламига бордик”, дея баҳона кўрсатмоқчи бўлдик.

Устоз сўради: “Хўш, донишмандлар сизга нима деди?”

“Хаёлот оламида донишмандларни учратиб, ҳар куни тушда устозимиз бу ерга келадими, деб сўраган эдик, улар сизни ҳеч қачон кўрмаганини айтди”, деб жавоб қилди орамиздан бир бола.

ЖАННАТ ЭШИГИ

Устоз Хакуиннинг олдига Набусиге деган аскар келиб, “Жаннату дўзах ҳақидаги гаплар ростми ўзи?” деб сўради.

– Сен ким бўласан? – деди Хакуин.

– Мен – самурайман, – деб жавоб қилди жангчи.

– Ие, аскармисан ҳали? У қандай қўмондонки, ҳануз сени қўшинидан ҳайдаб юбормабди? Кўринишингдан худди гадойга ўхшайсан-ку.

Бу гапдан Набусигенинг шу қадар жаҳли чиқдики, дарҳол қиличига қўл югуртирди.

Шунда Хакуин: – Тўғри, қиличинг бор! Лекин сендек аскарнинг қиличи ўтмас бўлмоғи аниқ. Калламни узиб ташлолмасанг кераг-ов, – деди.

Энди Набусиге чидаб туролмади, қиличини қиндан суғурган эди, Хакуин: – Мана, дўзах эшиги очиляпти, – деди.

Бу гапнинг маънисини уққан самурай қиличини қинига солди. Шогирдлик эҳтироми билан Хакуинга таъзим қилди.

– Энди эса жаннат эшиги очиляпти, – деб таъкидлади Хакуин.