June 23, 2025

"Inception" ҳақида нимадирлар

Болалигимдан тушлар мени ўзига тортган. Улар нафақат кечаси кўриладиган тасодифий саҳналар, балки одамни ичидаги сирли оламининг акси ҳисобланади. Йиллар давомида тушлар – онг, ҳиссиётлар, истаклар ва қўрқувлар тилида инсон билан гаплашади. Улар баьзида хиралашган манзара, баьзида эса оҳангдор воқеалар сифатида намоён бўлади. У ерда вақт қоидалар билан эмас, ҳис-туйғулар билан ҳаракат қилади. Аслида ҳам одамлар бутун умрларидан кўпроқ вақтни тушда ўтқизар эканлар қандай қилиб буни энг асосий мавзу сифатида қабул қилишмасин? Сизни энг чуқур онг остидаги ўйларингизни ҳам худди фильм кадридек кўрсата оладиган ҳодиса албатта энг яхшиси ва катта эьтиборга лойиқ. Агар, биз фақат ухлаш орқали ўзимиз хоҳлаганча реалликни ярата олар эканмиз, “ҳақиқий ҳаёт”ни асосий қилиб олишдан ва кўпроқ хотиралар қолдиришга уринишда фойда йўқдек гўё, ўзингизни иллюзиянгизда хоҳлаганча роҳат олишингиз мумкин... Шу сабаб Inception – бу фильм эмас, балки ички олам билан резонансга кирган тажриба бўлганди, тан олиш керак биринчи марта кўрганимда уйқу ва тушунмаслик ҳисси бор эди, фильмларни кўришни энди бошлаган эдим-да) У менга таниш бўлган, лекин ҳеч қачон аниқ таьрифлаб бўлмайдиган бир ҳолатни киноя, драматизм ва визуал поетика орқали ифодалаганди. Билмадим, нега аммо бу фильм ҳақидаги энг севимли детальларни эслаб ўтишга қарор қилдим.

Биринчи ўринда нега энди “ғояни сингдириш” процесси учун улар туш жараёнидан фойдаланишган экин? Албатта, бизнинг тушлардаги версиямиз ҳис қиладиган туйғуларни романтизация қилиб юборишида гап. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, тушдаги ихтиёрий вазият туш кўриш вақтингизда анча кучлироқ ҳис берган бўлади, бизнинг онгимиз ўша вақтда буларни таҳлил қилиш давомида ҳодисани кўпроқ драматизация қилиб юборади. Сиз онгингизда ўйлаб топилган воқеа вақтида шунчалик кўп ҳисларни ҳис қилган бўласизки, реал ҳаётга кўчиб ўтган вақтингизда бундай вазиятга ишона олмайсиз. Нимага шунчалик қўрққансиз, ёки нимага шунчалик хурсанд бўлгансиз, ёки нимага қабул қилган қарорингиздан шунчалик қониққансиз? Тушингизда ўйлаб топган иддеангиз қанчалик идеал туюлади-а?)  Лекин аслида ҳаётда бу ҳақида ўйласангиз аҳмоқликни ҳис қиласиз, бу фақат тушингиздаги сиз учун “мукаммаллик” ҳисобланади. У вақтдаги ақллилик даражангиз унча кучли эмас, кўпинча ўйламасдан биринчи келган фикрлар, ҳеч қандай таҳлилларсизсиз намоён бўлади. Лекин, сизга берган ҳиссини реал ҳаётда ҳам шундай авайлай оласиз. Мана энди умуман ҳаётда  эплаб бўлмайдиган фикрни кучлироқ ҳис билан онгга жойлашни иложи бор. Улар Роберт Фишерга “дадасининг бизнесини йўқ қилиш” ғоясини сингдиришлари керак. Ҳар бир онгнинг тубига тушиб боришар экан уларда яна ҳам чуқурроқ уқтириш имконияти бўларди. Робертнинг онггига улар унга отаси ундан фахрланганини “кўрсатишади”.Бироқ бу ғоя ташқи эмас, ички бўлиб кўриниши лозим. Яьни бунга Фишернинг ўзи ишониши керак.  Нолан киритиш билан эмас, ички ишончни ўзгартириш консепциясидан фойдаланади.

Бу фильмдаги энг машҳур тушунчалардан бири – тотем. Ҳар бир туш кўрувчи ўзининг шахсий тотемига эга: бу – бошқа ҳеч ким билмайдиган, фақат “ўзи” орқали туш ва ҳақиқатни ажрата оладиган кичик буюм. Тотем фильм давомида тушдаги воқеликни реал ҳаётдан фарқлаш учун ишлатилади. Аммо буни яна ўйлаб кўриш мумкин: тотем- ҳақиқат меьзонидан кўра, обсессиянинг тимсоли.  Кобб (ДиКаприо) ўзининг тотеми сифатида чархпалакни ишлатади (нима деб аташни билмайман)- бу аслида унинг рафиқаси Малга тегишли бўлган буюм. Бу факт эса муҳим: у ҳеч қачен ўзига тегишли бўлмаган. У ҳали ҳам Малнинг таьсиридан, унинг ўлими ортида ётган айбдорлик ҳиссидан халос бўла олмаяпти. Шу боис буюм Кобб учун ҳақиқатни эмас, балки ўтмишга бўлган боғлиқликни кўрсатади. Бу орқали ҳақиқатни ажрата олиш ғоясини шубҳа остига қўяди. Фильмда бир неча бор “Агар биз тушда бўлсак қандай қилиб биламиз?” деган савол янграйди. Лекин тотем бу саволга фақат вақтинча жавоб бера оларди. Аслида инсон тотемга эмас, ўзининг ички ишончсизлигига таянади. У реалда бўлганингиз учун қуламайди, зеро сиз бунга ишонганингиз учун қулайди. Ўйлангки, туш-бу сизнинг иллюзиянгиз, буни ҳаракатлантириш фақат ўзингизга боғлиқ, суҳбатдошнинг гаплари, тушнинг атмосфераси, ҳар бир жихознинг ҳаракати ҳам фақат сизнинг бошқарувингизга боғлиқ. Агар шундай бўлса, қандай қилиб тотемнинг қулаш ё қуламаслигини Коббнинг ўзи ҳал қилмасин?  Агар сиз тушда экансиз реал деб ўйлашни ҳам эплай оласиз, яьни ишонтира оласиз, лекин онг остингиз буни сезиб туради.

«Мен кеча туш кўрдим, тушимда капалак эканман, энди ўйлаб қолдим, мен тушида капалак бўлган одамманми, ёки одамга айланган капалак?»


Фильмнинг энг муҳим саҳналаридан бири – якуний кадр: Кобб ниҳоят уйига етиб келади, болаларига қараб жилмаяди, чархпалакни айлантириб столга қўяди...ва кетади. Камера эса тотем устида қолади. У айланишда давом этади, аммо бир лаҳзалик тебраниш – гўё тўхташни бошлаётгандек – пайдо бўлади. Шунда кадр қора тусга айланади. Албатта, бу реалликда ёки тушда кечганига сабаблар бор, булардан бири Коббнинг қизлари ҳақидаги хотираси тўлиқлигича, яьни қизлар ўгирилишигача етиб боради, ёки бўлмаса Кобб Америкага аеропорт бўйлаб келганку... Худди ҳақиқатни билиш зарур эмас –муҳими уни қандай ҳис қилишда. Тепадагилардан келиб чиқиб тотемни тўхтатди ҳам дейлик, бу аслида реаллик бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас, яьни реаллик деб ҳисоблашни Коббни ўзи танлаган. Аммо, (бошқа манбадан олинган факт) бошқа тарафдан қараганда Коббда реал ва тушдан ажратиш учун унда никоҳ узуги бор эди...У тушларида ҳали ҳам рафиқаси билан бирга....


Фильм давомида Мал образи, унинг марҳум рафиқаси фақат туш дунёларида кўриниш беради. Ҳар сафар онгга чуқурроқ кирганида  Мал пайдо бўлишни  бошлайди. У эса Коббнинг ички саботаж механизми сифатида ҳар сафар миссияни бузади. Бу инсонниг тавба қилишга шошилмайдиган, аммо ўзини кечира олмайдиган образ рамзи. Кобб унга “Inception”ни ўзи қилганини тан олади, яьни ҳақиқатдан шубҳаланиш фикрини онгига жойлаштирганини. Бу эса уни реал ҳаётда ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлади. Бу марҳум рафиқанинг образи уни обсессив тарзда таьқиб қилади. Обсессия- бу одамни еб қўядиган руҳий ҳолат, у инсонниг қарорларини, ҳис-туйғуларини бошқаради. Худди Шекспирнинг Гамлети отасининг ўлими ҳақида обсессив фикр билан ҳаракат қилганидек....

«Инсепшн» фильмига юзаки қаралганда, у фақат тушлар оламидаги мураккаб миссия ҳақидаги фантастик триллердек туюлади. Аммо фильмнинг ички тузилиши — унинг ҳақиқий моҳияти анча чуқур. Кристофер Нолан ушбу фильмни яратиш орқали нафақат тушлар ҳақида, балки яна бир махфий, сўзсиз олам — кино санъатининг ўзи ҳақида сўзлайди.
Фильмда Кобб ва унинг жамоаси инсон онгига ғоя жойлаштириш учун кўп босқичли туш ичида ҳаракат қилади. Аммо ушбу жамоа аъзоларининг вазифаларига диққат билан назар ташласак, ҳар бири кино яратиш жараёнидаги муайян шахсга тўғри келади:
Кобб — режиссёр. У ғояни ўйлаб топади, уни бошқаради ва бутун жамоани бир мақсад атрофида уйғунлаштиради.
Артур — продюсер. У миссиянинг барча логистикасини, хавфсизлик ва тартибини назорат қилади. Режиссёрни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

Ариадна — саҳна дизайнери. У туш муҳитини яратади. Лабиринтлар, кўчалар, бинолар — барчаси унинг тасаввуридан туғилади. (Ариадна ҳақида яна бир қизиқ факт эса- Юнон афсонасига кўра Тессей кемасига ип билан йўлини топишга Ариадна исмли қиз ёрдам берган эмиш, фильмда эса бу лабиринтдан чиқишда роль ўйнайди)
Эймс — актёр. У ўзини бошқалар сифатида тутувчи, турли қиёфаларга кирувчи қаҳрамон. Ҳар бир вазиятга мос характерни намоён этади.
Юсуф — техник масъул. У кимёвий воситалар орқали тушга кириш имконини яратади, гуруҳнинг физиологик ҳолатини назорат қилади.
Сайто — продюсер ёки кино студияси вакили. Лойиҳани молиялаштиради, шарт-шароит яратади ва натижадан манфаатдор томон ҳисобланади.
Бу қарашдан фильм “туш ичидаги миссия” эмас, балки фильм ичида фильм яратиш жараёни сифатида намоён бўлади. Яъни, бу жамоа томошабин онгига таъсир қиладиган тасвирли тушни “инсценировка” қилади. Уларнинг мақсади — Роберт Фишер онгига ғоя жойлаштириш эмас, балки у бунга ўзи ишонганини таъминлаш.
Ноланнинг бу ёндашуви — фильм орқали томошабин онгига таъсир қилиш, яъни инсепшннинг ўзини амалга ошириш демакдир. Шу боис «Инсепшн» фильмни нафақат мавзусида, балки тузилишида ҳам фильм ҳақидаги фильм. У бизнинг тушларимизга эмас, хис-туйғуларимизга, онгимизга, ишончларимизга таъсир қила олиши керак.

П. С: бундан кўпини ўқимайсизлар деб ўйладим)