September 29, 2025

«Аманжу»

Жаҳонгирнинг ўн тўққиз ёшга тўлган куни. Эшикнинг қулф калитини олиб, қўлида айлантирганида, ўзини катталар дунёсига қадам қўйгандек ҳис қилди. Ота-онаси қувончли кўзлар билан қарашарди, гўё ўғилларига ҳаётдаги энг катта совғани бергандек.

Уй эскироқ бўлса-да, ўзининг сирли жиҳатлари бор эди. Ҳовлида баланд тут дарахтлари, янги чиқиб келган баргларининг ҳиди билан тўлиб турган ҳаво, бир қарашда жонли ва самимий кўринарди. Аммо орқа томондаги подвал эшиги Жаҳонгирни аввал куниёқ ўзига жалб қилди. Эшиги занг босган, қулфи анча вақтдан бери очилмагандай қаттиқ эди. Унинг атрофида қандайдир оғир ҳаво туриб, худди кимдир узоқдан қараб тургандай сессиз таҳликани туғдирарди.

Кечга яқин қўшнилардан қария аёл келди.Унинг қараши қўрқинчли, кўзлари ёниб тургандай туюларди. Жаҳонгирнинг онаси меҳрибонлик билан қарши олганида кампир кўп гапирмади. Фақат уйга қараб бош чайқади ва оғир нафас чиқарди.

-Бу уйга кўчдингизми?-деди у, салом ҳам бермасдан.

-Ҳа, ўғлимизнинг уйи.

Кампир бошини қимирлатди:

-Бу уй… тинч эмас. Тўғрисиниайтаман, Илгари ҳам…- у бир лаҳза жим турди.- 10 йил олдин шу уйда бир йигит ўлик ҳолатда топилган, подвалда, қўли билан бир қутичага ишора қилиб турганда, ҳамма жойи қонга беланган эди.

Жахонгир кулди:

-Қўйсангизчи, хола, ҳикояни гапиряпсиз-ку.


Икки кун ўтгач, Жаҳонгир янги уйида дўстларини чақириб, туғилган кунини нишонлашни режа қилди. Азиз, Шоҳруҳ, Дилшод, Комила, Шаҳноза яна бир неча курсдошлари келди. Стол усти ширинликлар, узоқдан эшитилаётган қувноқ мусиқа билан тўлганди. Йигитлар кулди, қизлар ҳазил қилди, уйнинг совуқ деворлари орасида ҳаёт бирозгача гуллаб тургандай бўлди.

Бироқ қоронғу тушиши билан уйдаги кайфият секин ўзгарди. Бирдан мусиқа ҳам тўхтаб қолгандек туюлди. Уй ичида ғалати жимлик ҳукмрон бўлди. Бир пайт эшик қоқилди. Ҳеч ким кутмаган кампир яна кириб келди. Ҳеч ким таклиф қилмаган бўлса-да, кириб, стол атрофидагиларга қаради. Юзида ҳеч қандай табассум йўқ.

-Кўп йиғилманг бу уйда. Қоронғу тушганда подвалга тушманг,-деди у паст овозда.- Чунки аввал бир йигит шу ерда ўлган.

Комила қизиқиб сўради:

-Қандай ўлган у йигит?

-Ҳеч ким билмайди… Фақат подвалдан қути билан бирга топишган. Қутининг ичи эса ҳалигача очилмаган. Айтганча, у йигит ҳам айнан туғилган кунида ўлганди.

Жахонгир асабийлашди:

-Етар! Бу ерда шунчаки байрам қиляпмиз.

Кампир қўлини силкитиб чиқиб кетди. Унинг қадам овози уй ичида ҳалигача янграб тургандай туюлди.
Айнан мана шу вақтда барча овозлар жим бўлдию,фақат ертўладан келётган овоз эшитилгандек туюлди.

-Дук... дук...

Ҳеч ким гапирмади. Ҳамма қулоқ солди. Яна ўша товуш бир хил ритмда давом этди, «дук...дук...»

Жаҳонгирнинг кўкрагига қандайдир оғир ташвиш босилди. Товуш худди одам қўли билан темирга ургандай, аммо ҳеч ким подвалда йўқ эди.

Азизнинг кўзлари катта очилди ва дўстига қаради:

-Бу нима эди?

Шохруҳ Жахонгирни қулоғига пичирлади:

-Қани пастга тушамизми?

Подвал эшиги ғичирлаб очилди. Совуқ ҳаво урди. Пастга тушишаркан, деворлар нам хид билан қопланганини ҳис қилишди. Зулмат ичида кўзлар аста секин аланглади ва бурчакда турган эски қутича кўринди. У катта эмас, аммо қулфи занглаб кетган, чанг босиб қолган. Ва энг қизиғи- товуш ана шу қутидан чиқарди.

-Дук... Дук... Дук

Жаҳонгир қотиб қолди. У қўли билан чангни артиб қутини устида ёзилган «Аманжу» номини пичирлаб ўқиганида товуш яна кучайди.

-ДУК! ДУК!

Шамол овоз билан деворга урилди, ҳамма қаердан келётганига қараб қолди. қизиқ, шамол кирадиган жой ҳам йўқ эди, эшик ўзидан ўзи ёпилиб қолибди. Йўлак қоронғулик ва совуққа тўлди. Ҳамма ҳайратда қолганди.

Жаҳонгирнинг онаси торт кўтариб қайтиб келганида уй жим эди. Ҳеч ким кўринмасди. Фақат Комила уларни олдига келди, юзи оқарган, лаблари титраб:

-Улар подвалда,-деди

Ота-онаси пастга тушишди. Қутини маҳкам ёпиб, юқорига кўтаришди. Овоз тўхтади.

Жахонгир ўртоқлари билан подвалдан чиқиб келганида, ҳамманинг юзи оқарангга кириб, қўллари титрарди. Қаҳқаҳалар ўрнини чуқур сукут эгаллаган эди. Стол устида турган катта торт эса энди ҳеч кимга қизиқ эмасди. Жахонгирнинг онаси уни кесиб, болаларга таклиф қилганида, ҳаммаси кичик бир бўлакдан олишди, аммо ҳеч кимнинг томоғидан ўтмади. Тортнинг ширинлиги ҳам, шарбатнинг мазаси ҳам у ерда ҳеч кимга ҳис қилинмади.

Ҳаво оғир, уйнинг ҳар бурчагида ғалати овозлар акс-садодек туриб қолгандек эди. Орқасидан қарашлар, сирли шивирлар каби туйғулар барчага тинчлик бермасди. Болалар бир-бирларига қараб, ҳеч нарса демай, бир-бирдан оёққа туриб, узр сўрагандай ҳолда вактли кетишди.


Энди қўшни кампир уй олдида туриб, машинага юкларини ортиб, бу уйдан кетаётган оилага қараб турарди.

-Мен айтгандим,- деди у, маҳалладаги ББС холага. -Бу уйда бир бало бор.

Жаҳонгир машинадан орқага қараб қўйди. Уй эса яна бўш қолди. Подвалнинг қоронғу бурчагида эса қутича ҳануз турибди.

-Дук, дук.

Тугади.