January 16, 2025

Имконият... 

Нафаси тиқилиб қолди. Ўша кун, тўғрироғи оқшом шундай бошланган эди. Қоронғи туннинг ичида қўлларини қаттиқ чалкаштириб, қизнинг юраги безовта урар эди. Оёғи тагида қора замин, кўз ўнгида эса фақат ғира-шира чироқ ёниқ турган хона. Нотаниш уйдек. Деразадан ўраётган майин шабада қизнинг юзини ўпар, юрагини эса борган сари ваҳима кучлироқ босарди.

У хонадан баланд овозлар кела бошлади, ҳаммаси тушунарсиз, ғала-ғовур... Бирдан бувисининг овози ҳаммасидан ҳам кўпроқ отилиб чиқди:

-Доктор чақиринглар!!- дедию, яна марлини хўллаб келинининг пешонасига бостиришда давом этди.

Қиз ҳам ўша хонага, ичкарироққа кириб борди, энди хонада дадаси, бувиси, сингиллари, аммаси ва дераза тагида оқ халатли киши турарди.

-Унинг ҳоли ёмон, аммо ўзингизни қаттиқ қўлга олинг, сўнгги дақиқалар қолди...

Қизнинг юраги музлаб қолди, ҳеч нарсани англолмаётганди ҳатто. Ҳаста ётган онаси нафас олишга қийналар, аммо ўзига хос бир илиқлик таратар эди, қизнинг тиззалари бўшашиб кетдими, ерга чўкди. Бошида туш каби кўринган бу манзара аста-секин ҳақиқатга айланди. Унинг қулоғига атрофидаги шовқинлар эшитилса-да, ичидаги исённи тўхтата олмасди. "Шошма!? Бу ўзи тушми ёки...? Нега мен ҳар доимгидек буни бошқара олмаяпман? Нахотки, бу энди ҳақиқий ҳаётимда?"

Доктор бошини эгиб қолди. Атроф жим эди. Қизнинг юраги ором тополмасди у ҳамма нарсани кўздан кечирди...

Эртансига эса ўша дақиқалар келганди, наҳотки энди онасини гапларини эшита олмаса а? У умуман нима бўлаётганини тушуна олмасди, у ишонмасди хатто, хаёлларида аяси кўзини очадию яна у билан гаплашиб ўтиради, балки бугун мактабда нималар бўлгани ҳақида айтиб берар? Балки онасига бахо қўйишда ёрдам керакдир? Балки, қиз ўртоғи билан режалаштирган саёхатларини ҳиссиётлар билан гапириб берар? Келажакда қайси шаҳарларга бормоқчи эканини? Балки, онасига қайси русумли машина ёқишини сўрар? Ёки шунчаки яна эски мавзуларни гапириб берар? Ҳеч бўлмаса яна қайси касбни танлаш учун маслаҳат сўрар? Ҳаммаси бекор, ҳамма ҳаммаси, лекин унинг миясини бир четида биргина нарса, фақат биргина- онаси билан ақалли бир марта гаплашиш, жавоб келмаса ҳам майли, лекин ҳамма нарсани айтиб бермоқчи эди...

Бирдан қандайдир фикр унинг миясига келгандек кўнгли ёришиб кетди. Ҳа, у йўлини топгандек эди. Одамлар бу дунёдан кўз юмишганларидан сўнг борку... Улар ҳамма нарсани эшитишади, кўришади ва ҳатто сезишади, шунчаки энди ҳаракат қилишга қодир эмаслар. У энди қанийди руҳларига бор гапларимни айтсам-у, елкамдан тоғ ағдарилса деб ўйларди. Лекин, уй тумонат одам эдики, ҳеч қайси хона бўш эмасди, у шундай қизки, алоҳида жой керак унга. Биринчи, иккинчи, учинчи, мана тўртинчи уйга ҳам кирди ҳеч қаер бўш эмасди...

Кўзидан дона йиғи судралиб чиққандек бўлди...

У ҳали ҳам қандайдир йўл билан онаси билан гаплашишни ўйлаб юрипти, бир зумга ҳам хаёлидан чиқармасдан. У ишонарди. Ҳа унинг барча гапларини онаси эшитишини ҳис қиларди. Гўёки аясининг таҳминий жавобларини ҳам хаёлларидан ўтқизарди... Ҳамма уни чақирарди, ҳамманинг унда иши бордек гўё, лекин ўзини режаларини ҳеч амалга оширолмаяптида!

Унинг қўллари музлаган, ҳеч нарсани сезмай қолган эди. У қандайдир одам қадами етмаган жойда, хаёлида ёлғиз қолгандек, ҳар бир нафас олиши бора-бора оғирлашиб кетгандек эди. Ўша хонага яна қадам босди... Ёриқдан келаётган нур энди ўчгандек. Қизнинг кўзлари очиқ, аммо онасининг кўзларини кўролмасди энди. У ҳар ёққа қаради, аммо бўшлиқ ҳамон ҳукмрон эди...

Сўнг қандайдир товушлар эшитилишни бошлади, қандайдир илоҳий ва бошида тушунарсизроқ, қаердан келаётганини билмади, бир зум кўзини югуртириб чиқди, энди жимлик. Ва яна эшитилишни бошлади, бу сафар аниқ, лекин қаердан эшитилаётгани номаьлум, бошини айлантирганча, аланглаб эшитди:

-Қизим, туринглар, дам олиш кунингларни ухлаб ўтқизманглар-да, кунинглар баракали бўлсин ахир...

Ҳа, айнан! Энди у аниқ эшитди. У энди ҳақиқий ҳаётга кўчиш учун кўзларини оча оларди. Шуниси қизиқки, тушлари билан яхши чиқиша оладиган, ҳар доим уларни мароқ билан тамоша қиладиган қиз эндиликда бу тушидан мамнун эмасди, бу энг дахшатлисидек! Хатто барча кўрган қўрқинчли тушларидан ҳам қўрқинчлироқ эди! У эса ҳали ҳам вазиятни тўлиқ тушуниб етолмаётгандек эди. Лекин, аниқки, ичида нимадир оғирликдан сезиларли даражада енгиллашганда, "хух" деган овоз ҳам чиқди шекилли.

Бу қандай туйғу эканини ўзи ҳам тушунмасди — оғир тушдан сўнг уйғонган хаёлми ёки қандайдир улкан ҳақиқатни англаш туйғусими. Бир нарса аниқ эди: у ўзини янгидан туғилгандек ҳис қилди.
У онасининг қўлларини маҳкам ушлаб турди. Бу қўллар унга таниш, аммо энди у бу қўллардаги ҳар бир жилдиримнинг қадрини ҳис қиларди. Онасининг кўзларига эса ғарқ бўлиб кетаёзганди, у ростан ҳам ҳақиқатми? У ўтмишда қанчалар оддий туюлган соф дақиқаларни қўйиб юборганини тушунди. Энди эса уларни қайтариб олиш учун бутун борлиғини беришга тайёр бўлган эди ҳам.

"Менга иккинчи имконият берилгандек..?"
Қиз бу гапларни қалбидан ўтказди. Энди ҳар бир нафас олиш, ҳар бир табассум, ҳар бир кичик мулоқот унинг учун беҳад қадрли эди. Тушида кўрган "ноҳуш ҳодиса"... Ахир энди у хаёлотда эмас, ҳақиқатда кечганда аҳволи чатоқ эмасмиди?

П. С: бу ҳикояни хоҳлаган танишингиз билан ўрнига қўйиб ўқийверинг, ҳеч қадай маьноси ўзгармайди шундай эмасми?

Нигина Асланова

(ҳа, ҳаётинглар ким ёзганини ўйлаш билан ўтмасин дедим-да)