ЕРДА КЕЛАЖАК АВЛОДНИНГ ҲАМ ҲАҚҚИ БОР
Кейинги уч йил мобайнида фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, хусусан, минг-минглаб уй-жойлар барпо этилиб, имтиёзли нарх ва шартлар асосида муҳтож фуқароларга берилаётганидан барчамиз хабардормиз.
Шунингдек, 2018 йилда давлатчилигимиз тарихида илк маротаба Президентимиз томонидан бир марталик акция эълон қилиниб, фуқароларнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларда қурилган уй-жойларга эгалик ҳуқуқи белгилангани ва натижада минглаб-минглаб одамларнинг хавотири йўқолиб, кўнглига хотиржамлик ингани ҳам айни ҳақиқатдир.
Бундан ташқари, фуқароларга уй-жой қуриш учун ер майдонини бериш тартиби очиқланиб, ер участкалари эркин электрон савдога қўйилаётгани ҳам аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш, ҳам бу борадаги қонунбузилиши ва коррупция иллатларини йўқотишга қаратилган муҳим омил бўлди.
Қайд этиш жоизки, йиллар давомида айрим фуқароларимиз томонидан қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ўзбошимчалик билан, бирон-бир ҳужжатсиз эгаллаб олиниб, уй-жой ва бошқа нотурар жойлар: молхона ва бошқа турли ёрдамчи бинолар барпо этиш орқали қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ҳосилдор ерлар талон-тарожлигига йўл қўйилган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Буни судлар томонидан кўрилаётган қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган-суғориладиган ҳосилдор ерларда ўзбошимчалик билан қурилган бино-иморатларни бузиш ва эгаллаб олинган ер майдонларини қайтариш ҳақидаги ишлар мисолида, хусусан, йил бошидан шу кунга қадар судларда кўрилган 4400 та ишнинг 3437 таси қаноатлантирилиб, ер майдонлари мақсадли фойдаланиш учун қайтарилганида кўриш мумкин.
Ўзбошимчалик билан иморат қуриб олган аксарият фуқаролар қонун талабини билмаганлигини важ қилиб, суддан қурган иморатини бузмасликни, аксинча қонунийлаштириб олишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилаётган ҳолатлар ҳам кўплаб учрайди.
Ваҳоланки, амалдаги қонунчилик талабини билмаслик – қонунни бузган фуқарога бирон-бир имтиёз бермайди. Иморат қуришдан олдин албатта тегишли тартибда рухсат олиш, шу ер майдонида иморат қуриш ҳуқуқини қўлга киритиш лозим (Ер участкасини олиш, иморат барпо этиш тартиб-тамойиллари амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ўз аксини топган).
Судга даъво ариза киритиб, суд қароридан норози ҳолда «адолатсизлик бўлди», деб турли йўллар билан жамоатчилик эътиборини жалб қилиш орқали ўзбошимча қурган иморатини сақлаб қолишга уринаётганлар ҳам бор.
Айрим ҳолатларда оилавий аҳволини ҳисобга олган ҳолда жойдаги мутасаддилар томонидан бошқа жойдан уй ёки ер майдони таклиф этилаётганда ҳам улар томонидан рад этилаётгани сабабини тушуниш қийин. Бу ўзини жабрланган кўрсатиб, пешкирлик қилишга ўхшаб кетади. Аслини олганда, бу ўзининг ноқонуний ҳаракати ва шахсий манфаатини амалдаги қонунлар ва бутун бошли эл манфаатидан устун қўйишдан бошқа нарса эмас.
Шу ўринда, юртдошларимизга эслатиш жоизки, Асосий Қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг ўзбошимчалик билан эгалланиши жамиятимиз аъзолари, ёшу қари – барчанинг манфаатига зид – ноқонуний ҳаракатдир. Бутун ҳаётимиз, турмушимиз шу замин орқасидан эканлигини, шунингдек, экин экиб ҳосил олиш мумкин бўлган ерларда келажак авлоднинг хам хаққи борлигини, шунинг учун ҳам уни авайлаб-асрашга барчамиз бирдай бурчли эканимизни унутмаслигимиз лозим, деб, ўйлайман.