Хоразмда талабалар ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасида учрашди
Хоразм вилояти ҳокимлигининг ташаббуси билан вилоятдаги олий таълим муассаса ёшлари ўртасида “Талабалар баҳори – 2025” ҳафталиги доирасида Урганч гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида вилоят ҳокими кубоги учун “Шунқорлар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, вилоят мудофаа ишлари ва спорт бошқармалари, Ёшлар иттифоқи вилоят бўлими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган мусобақа ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидорини намоён этишига кўмаклашиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилди.
Беллашувда вилоятдаги 7 та олий ўқув юртидан 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган талабалар иштирок этиб, ғалаба учун кучли кураш олиб борди. Ҳар бир жамоанинг 10 нафар аъзосидан 8 нафари ўғил бола ҳамда 2 нафари қиз болалардан иборат бўлиб, 6 та шарт бўйича ўзаро куч синашди.
Дастлаб талабалар жамоавий тарзда сафда шаҳдам қадам юриб, саф қўшиқларини ижро этишди. Иккинчи шартда иштирокчи жамоалардан бир нафардан ўғил ва қиз болалар қатнашиб, пневматик милтиқдан нишонга ўқ узишди. Учинчи шарт бўйича жамоаларнинг икки нафар ўғил бола аъзоси гранатани узоққа улоқтиришда беллашди. “Ҳарбийлаштирилган эстафета” шартида ҳар жамоадан уч нафардан ўғил болалар автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, газга қарши ниқобни кийиб югуриши белгиланган. Кейинги шартларда жамоалар 100 метр масофага югуриш ҳамда турникда тортилишда ўзаро баҳслашди.
Қизғин ва муросасиз кечган ҳарбий-спорт мусобақаси шартларига кўра, фахрли биринчи ўрин Урганч давлат педагогика институти жамоасига насиб этди.
Фахрли иккинчи ўринга Урганч давлат университети ҳамда учинчи ўринга Урганч инновацион университети жамоалари муносиб топилди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.