April 9, 2025

Нукус гарнизонида адолатли ҳукмдор таваллуди нишонланди

9 апрель – буюк саркарда Амир Темур таваллуд топганининг 689 йиллиги муносабати билан Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Соҳибқирон Амир Темур – адолатли ҳукмдор ва юксак маънавият эгаси” номли маданий-маърифий, бадиий тадбир ўтказилди.

Маълумки, Соҳибқирон Амир Темур тарих саҳифаларида нафақат моҳир саркарда сифатида тилга олинади, балки юртимизда ўлмас меъморий обидалар қурдирган улуғ давлат асосчиси дея эътироф этилади. “Темур тузуклари” номли китоби бир неча тилларга таржима қилиниб, тарихчи олимлар томонидан таҳлилу-талқин қилиб келинмоқда. Унинг жанг санъати, тактика ва стратегияси бугунгача ҳарбий илм-фан тараққиётига, янгича усул ва услубларни яратишда дастуриламал бўлиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Буюк аждодимиз Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.

Манбаларда Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айримига қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.

Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти докторанти Баҳодир Кидирбаев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Турон фанлар академияси фахрий академиги Маҳмуджон Абдуллаев иштирокида ўтган давра суҳбатида улуғ давлат асосчиси ҳақида сўз юритилиб, қолдирган бой тарихий мероси ёдга олинди. Унинг адолатли ҳукмдор бўлгани ҳақидаги далиллар келтирилди.

Амир Темур давлат бошқарувида барча соҳани баробар ривожлантиргани билан тарих саҳифаларида кенг ёритилади. Биргина бунёдкорлик соҳасида олиб борилган катта ислоҳотлар асрлар ўтса ҳамки, ўзининг салобатли тароватини йўқотганича йўқ. Унинг ташаббуси билан бунёд этилган бино ва иншоотларда қудратли давлат мафкураси, ғоя ва маҳобати осмонўпар биноларда ўз аксини топган. Бугун эса соҳибқироннинг Самарқанд шаҳрида қурдирган иморатлари ҳорижий сайёҳларнинг севимли масканига айланиб, Шарқ гавҳари, дея эътирофланади.

“Соҳибқирон Амир Темур тарқоқ қавмларни бирлаштириш, уларни ягона, кучли ва аҳил миллатга айлантиришни ўзига мақсад қилиб қўйганди. Бу мақсад йўлида кучини ҳам, вақтини ҳам аямади. У ўзбек тилини биринчи марта расмий муомалага олиб кирди. Фармонлар, ёрлиқлар ва хатлар араб ва форс тиллари қатори ўзбек тилида ҳам ёзила бошлади”.

Тадбирда Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри актёрлари томонидан “Амир Темур” монологи орқали актёрлари томонидан буюк Соҳибқирон образи моҳирона гавдалантирилиб, ролда буюк шахс феъл атворидаги қатъиятлик, жасурлик ва мардлик, адолатпарварлик, ўзига бўлган ишонч қалбларни жунбушга келтириб, иштирокчиларда буюк аждодларнинг авлодлари эканидан фахр, ифтихор туйғуларини юксалтирди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан Ватан, Амир Темур мадҳи тараннум этилган куй ва қўшиқлар тадбирнинг янада мазмунли ўтишини таъминлади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати