March 17, 2025

Нукус гарнизонида қорақалпоғистонлик “ёш математиклар” беллашди 

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Аждодларга муносиб авлод” шиори остида ментал арифметика ва математика бўйича олимпиаданинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилиб, унда шаҳар ва туманлардан жами 440 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

“Advance of education” нодавлат таълим муассасаси томонидан бир неча йиллардан буён Ўзбекистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларидан 4 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшлар ўртасида Ментал арифметика ва математика бўйича очиқ олимпиадалар ўтказиб келиниши кўплаб иқтидорли болаларни аниқлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ҳамда 2022 йил 22 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 112-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган мазкур олимпиада болаларни рақобатбардошлик, ғалаба учун кураш руҳида тарбиялаш билан бир қаторда мантиқий фикрлаш ҳамда математик мисолларни ҳар хил усуллар ёрдамида ечишга ўргатиши билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йилнинг январь ойида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида спорт ва фан тўгараклари доирасида Ментал арифметика тўгараги ҳам ўз фаолиятини самарали бошлаган эди. Республика ва халқаро мусобақаларда ҳарбийларнинг фарзандлари ҳам фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритаётгани тўгарак фаолиятининг самарали олиб борилаётганидан дарак беради.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган олимпиада ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида ҳарбий округ вакиллари, марказ аъзолари, болалар ва уларнинг ўқитувчилари иштирок этди. Тақдирлаш маросимида юксак натижалар кўрсатган болажонлар диплом, фахрий ёрлиқлар, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди.

Олимпиадада ҳарбий округда хизмат қилаётган офицер ва сержантларнинг 10 нафар фарзанди ҳам муносиб қатнашиб, шоҳсупанинг юқори поғоналаридан жой олишди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати